Norma.uz

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан ва реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солиш тўғрисида тушунтириш

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ

ММ/04-01-32-14/246/246-сон

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ

15/1-5434-сон

 

2014 йил 28 март

 

Солиқ тўловчилардан мол-мулкни ижарага бериш ва реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солиш тартиби тўғрисида келиб тушаётган сўровларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси қуйидаги тушунтиришни беради.

1. Жисмоний шахсларнинг турар жой ва нотурар жойни, шунингдек автомобиль транспортини ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда, бироқ турар жой ва нотурар жойни, автомобиль транспортини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда амалга оширилади. 2014 йил учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сон қарорининг 25-иловасида белгиланган.

Бунда турар жойларни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун мазкур норма 2012 йилнинг 1 январидан (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прог­нози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1675-сон қарорига асосан), нотурар жой ва автомобиль транспортини ижарага берувчи шахслар учун эса 2014 йилнинг 1 январидан жорий этилди.

Турар жой ва (ёки) нотурар жойларни, автомобиль транспортини ижарага берганлик учун ижара шартномасида белгиланган ижара тўлови суммаси ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови миқдоридан кам бўлган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ижара тўловининг белгиланган энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ижара тўловининг энг кам ставкалари қуйидаги автомобиль транспорти турлари бўйича ўрна­тилган:

енгил автомобиль (йў­лов­чилар, багаж ташишга мўлжал­ланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси);

микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари.

Бунда Ўзбекистон Республикаси «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қону­нига мувофиқ йўловчилар ташиладиган ва юк тиркамалари ва ярим тиркамалари, шатакчи автомобиллар ва махсус автотранспорт воситалари (ўт ўчириш автомобиллари, компрессор қурилмали автомобиллар, автокранлар, супуриш-сидириш ҳамда чиқинди ташиш автомобиллари ва ҳоказолар) ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланиладиган автотранспорт воситаларига кирмайди.

Ижара тўловининг энг кам ставкалари бир ой ҳисоби билан белгиланган. Бунда агар ижара шартномаси амал қи­ли­шининг бошланиши ойнинг биринчи санасига ёки унинг амал қилишининг охири ойнинг охирги кунига тўғри келмаса, ижара тўловининг мазкур ой учун энг кам ставкалари ушбу ойда шартнома амал қилиши кунлари миқдорига мутаносиб равишда қўлланилади.

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 181-моддасига биноан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган энг кам ставкаси бўйича солиқ солинади. 2014 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси 7,5% миқдорида белгиланган.

Турар жой ва (ёки) нотурар жой, автомобиль транспорти жисмоний шахсга ёки юридик шахсга ижарага берилишидан қатъи назар, ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланилади.

Турар жой ва (ёки) нотурар жой, автомобиль транспорти юридик шахс – Ўзбекистон Республикасининг резиденти, фаолиятни Ўзбекистон Респуб­ликасида доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Респуб­ликаси норезиденти, чет эл юридик шахсининг ваколатхонасига ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 184-моддасига мувофиқ ижара бўйича даромадларга тўлов манбаида солиқ солинади.

Турар жой ва (ёки) нотурар жой, автомобиль транспорти жисмоний шахсга ижарага берилганда, агар тўлов манбаи солиқ агенти бўлиб ҳисобланмаса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 192-моддасига мувофиқ мол-мулкини ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс белгиланган муддатларда жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этиш билан бир қаторда ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда давлат солиқ хизмати органларига дастлабки тарздаги декларация ҳам тақдим этади.

Бунда солиқ солиниши Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 193-моддасига мувофиқ дастлабки декларация асосида амалга ошириладиган мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлайдилар. Йил тугагач, жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 1 июнидан кечиктирмай солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтарилиши керак. 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 574, 603-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 86-моддасига мувофиқ фуқаролар ўртасида тузилган тураржой, нотурар жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Бунда турар жой ва (ёки) нотурар жойни ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлаш фақат жисмоний шахслар ўртасида тузилган шартномаларгагина тааллуқлидир. Тарафларнинг бири жисмоний шахс бўлмаган шартномалар ихтиё­рий асосда нотариал тасдиқланишлари мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ, ижарага берувчиси жисмоний шахслар бўлган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар (шу жумладан ижара шартномалари) нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак.

Фуқаролар ўртасида турар жой ва нотурар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1591-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2. Ўзбекистон Республикасининг 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қону­ни билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилган ўзгар­тиришларга мувофиқ, 2014 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жисмоний шахсларнинг кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ турар жойни реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солинади. Ўн икки ойлик давр турар жойни биринчи марта реализация қилиш санасидан бошлаб ҳисобланади. Турар жой ўн икки ойлик давр мобайнида икки ва ундан ортиқ марта реализация қилинганда, солиқ солиниши лозим бўлган даромадлар биринчи турар жой реализациясини ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Шунга эътибор бериш лозимки, мазкур меъёр 2014 йилнинг 1 апрелидан бошлаб тузилган битимларга нисбатан жорий этилади.

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган турар жой ва нотурар жойлар (кейинги ўринларда – кўчмас мулк объектлари) реализациясидан олинган даромад мазкур мол-мулк реализация суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни харид қилиш қийматидан ошиши сифатида белгиланади. Мол-мулкни харид қилиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда, даромад деб инвентаризация қиймати билан реализация нархи ўртасидаги фарқ эътироф этилади.

Кўчмас мулк объектлари реализация қилинишидан олинган даромадларга солиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси бўйича солинади.

Агар кўчмас мулк объекти жисмоний шахс томонидан юридик шахс – Ўз­бекистон Республикасининг резиденти, фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезиденти, чет эл юридик шахсининг ваколатхонасига реализация қилинса, даромадларга тўлов манбаида солиқ солинади.

Агар кўчмас мулк объекти бир жисмоний шахсдан бошқа жисмоний шахс­га реализация қилинса, даромадларга солиқ яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига реализация амалга оширилган йилдан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан тақдим этиладиган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида солинади.

Мазкур қўшма хат имзоланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ва Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 6 февралдаги ММ/04-01-32-14/135-сон, 15/1-1670-сон қўшма хати ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Давлат солиқ хизмати органлари ушбу қўшма хатни тегишли солиқ тўловчилар эътиборига етказсин.

 

Молия вазири
ўринбосари

М.МИРЗАЕВ.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари

О.РУСТАМОВ.

Прочитано: 6825 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика