Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 16 / Жиноятга жазо муқаррар

Жиноий уюшма аъзолари кекса кишиларни қақшатиб, квартираларини тортиб олганлиги ҳақида

Ҳаёт воқелиги кўпинча энг тутуриқсиз тўқимадан ҳам теранроқ тарзда кечади. Пойтахтимизнинг Учтепа тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлимининг ходимлари икки йил муқаддам фош этган, квартира билан боғлиқ фирибгарликлар тўғрисидаги иш бунга яққол далил бўла олади. Тергов бўлимида бўлинма бошлиғи, майор Жаҳонгир Асомов ва катта терговчи, майор Ольга Курляндцевалардан иборат гуруҳ ана шу жиноий уюшма фаолияти тергови билан шуғулланди.

Бу кўлами, ўта сурбетлиги билан ҳайратга солувчи, ниҳоятда мураккаб ва чигал иш эди.

Жиноий уюшма 9 кишининг бошини бириктирган бўлиб, пиҳини ёрган жиноятчиларнинг жипслашган гуруҳида ҳар кимнинг роли аниқ тақсимлаб қўйилган эди. Бундан ташқари, қилмишга талайгина кимсалар ҳам тортилганди. Фирибгарлар дастак қилиб олган схема замирида асосан ёлғиз яшайдиган кекса кишиларни алдаш ва уларнинг ишончини суиистеъмол қилиш негизида, қалбаки ҳужжатлар билан квартираларни ўзлаштириб олиш иддаоси ётарди. Тергов асносида 11 ҳолат аниқланди. Бинобарин, Учтепа, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги 11 квартира жиноятчиларнинг «емиш»ига айланди. Мана шу квартира эгаларига қарийб 140 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилди. Аслида фирибгарларга алданиб қолган фуқаролар сони бирмунча кўпдир. Ана шу ишнинг тергови қай йўсинда борганлиги ҳақида эндиликда унвони подполковник, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи Ольга КУРЛЯНДЦЕВА ҳикоя қилади.

 

СИЗ ЭНДИ БУ ЕРДА ЯШАМАЙСИЗ

Ҳаммаси 2011 йилнинг охирларида Учтепа туман ИИБ тергов бўлимига бир аёл квартираси қонунга хилоф тарзда (гўё ўзи сотган йўсинида) сотиб юборилганлиги муносабати билан ёзган аризасидан бошланди. Арзгўй бу ишни қилмаганман деб сўзида қатъий туриб олди. Тўғри, у бу квартирада муқим яшамаган, аммо тез-тез бориб, жой ҳолатидан хабар олиб турган. Бир гал борса, квартирасининг кириш эшиги янгиланиб қолибди. Қўшнилардан суриштирса, улар ахир ўзинг уни сотибсан-ку, деб дашном беришган. Уй қўмитаси мутасаддисидан квартиранинг янги эгаси телефони рақамини олиб, у билан учрашгач, янада эсанкираб қолибди: уй-жой эгаси квартирани аёл шахсан ўзи унга сотганлигини айтибди.

Шахси аниқланмаган кимса томонидан квартира қонунга хилоф тарзда сотиб юборилганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Муштипар аёл шу даражада саросимада қолган эдики, туман ИИБга келишга, ҳатто кўринишга журъати етмапти. Таниб олиш ва юзлаштириш вақтида жиноятчилар сен ўзинг квартирани сотгансан деб туриб олишса, аксини исботлашга қурби етмаслигидан чўчибди у.

Олди-сотди битими ҳужжатларини ўрганишга киришилди. Сотиб олувчининг сўзларига қараганда, бу ҳуж­жатларнинг бари жойида, рисоладагидек. Квартирани арзгўйга жуда-жуда ўхшайдиган бир аёл сотган экан. Битимни тасдиқлаган нотариусда ҳам ҳужжатлар ҳеч қандай шубҳа уйғотмади. Шартномани арзгўйнинг ўзи имзолаган-имзоламаганлигини дастхатлар бўйича суд экспертизаси ёрдамида аниқлашга тўғри келди. Квартирасидан мосуво бўлган аёл фирибгарларга рўбарў бўлишдан қўрқиб, бу ишга розилик бермади. Уни аранг кўндирдилар. Экспертиза натижалари шартномадаги имзо уники эмаслигини кўрсатди. Хўш, унда бу кимнинг имзоси?

Таассуфки, нотариуслар квартиранинг олди-сотди битимини расмийлаштираётганда паспортларнинг нусхаларини олиб қолишмаган экан. Жабрланувчининг номидан ким иш кўрганлигини аниқлаш осон бўлмади. Нотариал идорага тақдим этилган ҳужжатлар бирма-бир ўрганиб чиқилганда бизга ариза билан мурожаат қилган аёлнинг номига берилган Россия паспортининг кўчирма нусхаси топилди. Аммо ундаги суратда арзгўйга қуйиб қўйгандек ўхшаш бошқа бир хотиннинг сиймоси эди. Қалбаки паспортдан фойдаланилганлигига энди шубҳа йўқ. Бу чигалнинг учи эди. Унинг ёрдамида ана шу жиноятдан ташқари, жиноий уюшма аъзолари томонидан содир этилган бошқа жиноятлар ҳам очилди. Узоқ вақт, ниҳоятда синчковлик билан иш олиб борилди, квартиралар воситачилар ёрдамида сотилганлиги шу йўсин ўз тасдиғини топди.

Фирибгарлар гўё квартира мулкдори номидан муайян бир шахсга квартирани унинг ўзига маъқул баҳо ва шартларда сотиш ваколати берилган Россиянинг қалбаки ишончномасини тайёрлашган. Жиноий уюшма аъзо­лари ҳар эҳтимолга қарши бундай ишончномаларни тутуриқсиз шахслар номига ёзишган. Бундай кимсалар муккасидан ичкиликбозликка берилганлиги, доимий даромад манбаига эга бўлмаганлиги боис арзимаган ҳақ эвазига ҳар қандай ишга бажонидил рози бўлишади. Квартира эгасининг номидан ҳам яна бир сохта Россия ишончномаси тайёрланган. Ва бу ишончнома асосида фирибгарлар квартирани сотиш учун керакли ҳужжатларни, хусусан квартира тарҳини, қарз йўқлиги ҳақида коммунал хизматлардан олинган маълумотномалар ва шу сингари ҳужжатларни ҳозирлашган. Ҳаммаси тахт бўлгач, ўзини бошқа шахс қилиб кўрсатган бир аёл квартира эгаси номидан (аммо қалбаки паспорт билан) нотариусга учраб, сотишга оид ҳужжатларни имзолаган.

 

ТЕРГОВНИ БИЛИМДОНЛАР ОЛИБ БОРАДИ

Биринчи ҳолат юзасидан тергов олиб борилгандаёқ фирибгарлар қилмишни амалга оширган схема аён бўлди. Жиноий тўда бошлиғи ўзини ҳокимлик ходими қилиб кўрсатган. Ҳуқуқий муносабатларда жуда пухта эканлиги, ақли ўткирлиги, серғайратлиги, виждони йўқлиги, бировга тариқча ҳам ачинмаслиги устига у яхшигина психолог ҳам эди. Ёнидаги ҳокимлик ходимининг сохта гувоҳномаси уни шубҳа-гумонлардан ҳоли этар, ишончга киришини таъминлар, кўп жойларга эмин-эркин кириши учун йўл очиб берар эди. Тўдабоши ҳеч ким муқим турмайдиган ёки қариндош-уруғлари йўқ ёхуд улар билан алоқани бутунлай йиғиштириб қўйган ёлғиз кекса яшайдиган квартираларни топарди. Топган жойларида кўпинча квартира эгалари аллақачон вафот топган бўларди ҳам. Бошлиқ турар жойни тортиб олишнинг мураккаб йўлларини пухта ўйлаб чиқар, ҳужжатлар тўплаш масъуллигини зиммасига олар, жиноий йўл билан қўлга киритилган пулларни тўда аъзолари ўртасида тақсимлар эди. Жиноятчиликни касб қилиб олган бу кимсалар фаолиятининг кўлами шу даражада кенг эдики, битта квартира тег­расида олиб борилган ишлар баъзан бир неча йилга чўзилиши ҳам ҳеч гап эмас эди. Фирибгарлар, аввало, қўни-қўшниларнинг ишончига кириб, бўш ётган квартираларнинг калитини тайёрлатиб олишарди (сотиб олувчиларга бемалол кўрсатиш учун-да!).

Жиноий уюшма 9 нафар иштирокчисининг ҳар бири муайян йўналишда ихтисослашган эди. Кимдир маълумотномалар тўплаш учун жавоб берса, кимдир сотиб олувчилар излаш билан шуғулланарди. Ўзини квартира эгаси қилиб кўрсатишга рози кимсаларни, вакиллик қиладиган шахсларни топувчилар бошқа. Кимлардир қалбаки паспортлар, ишончномалар, бошқа керакли ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланарди. Дарвоқе, уларнинг бу йўсин сохтагарликлари матбаа жиҳатидан юксак савияда тайёрланганлигига тан бермай илож йўқ.

Ўзини муайян шахс қилиб кўрсатган бир кимса бир неча битимда, ҳар хил номда у ёки бу ролни ўринлатиб ижро этган экан. Деярли барча фирибгарлик схемасида Россиянинг қалбаки паспортлари ва ишончномаларидан, фақат бир ҳолатда Қозоғистоннинг шундай ҳужжатларидан фойдаланишган. Шуниси ҳам борки, бир кўришда бу ҳужжатлар қалбаки эканлигини ҳатто мутахассислар ҳам ажрата олишмади.

Шубҳа-гумон чиқиб қолганда нотариуслар ишончномаларда кўрсатилган телефон рақамлари орқали Россияга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни қачон ва ким тасдиқлаганлигига ишонч ҳосил қилишган. Сим-картали телефон эса бу пайтда жиноий тўда бошлиғида бўлиб, у Тошкентда туриб, ҳалиги сўралган нарсаларни «тасдиқлаган». Агар нотариус бирон-бир ҳужжатнинг асл нусха эканлигини текшириш мақсадида битимни кейинга суриш ниятида бўлса, фирибгарлар ўша заҳоти бу нотариал идорадан жуфтакни ростлаб, бошқасига йўл олишган. Айни чоғда тўда аъзоларидан бири сотиб олувчи айниб қолмаслиги учун унинг ёнидан жилмасликка ҳаракат қилган.

Биз барча ҳужжатлар, маълумотномаларни синчковлик билан текшириб чиқдик, уларни ким, кимга, қайси асосда берганлигини аниқладик. Турли ташкилотларга юборилган сўровлар ўзини муайян шахс қилиб кўрсатган кимсаларнинг паспортлари нусхаларини топиш имконини берди. Хусусан, 17-шакл маълумотномасини ҳамда коммунал тўловлар бўйича қарз йўқлиги ҳақида маълумотномани беришда «Тошиссиққуввати» ходимлари ва паспортни қайд этувчи ходим паспортларнинг, ваколатли шахслардан эса ишончномаларнинг нусхаларини талаб қилган. Айни шу нарса терговга жуда-жуда ёрдам берди.

 

ЎЙЛАБ ТОПИЛМАГАН ҲОДИСАЛАР

Фирибгарлар ўринлатиб адо этилган қилмишларида бир хил схемадан фойдаланганликларига қарамай, ҳар бир ҳолат ўзига хос жиҳатларга эга эди. Қонунбузарлар ўз «қурбонлари»га ташлаган тўрларида ақл бовар қилмайдиган нарсаларни ҳам ихтиро қилганлар. Дейлик, бир ўзи яшайдиган квартира эгасининг қизи Россияда истиқомат қилади. Шу одам вафот этгач, унинг квартирасига фирибгарлар қизиқиб қолдилар. Тўдабоши меросхўр қиз ролини ижро этишни жиноий тўда аъзоларидан бирига топширди. Унга ўша қизнинг номида, аммо тўда аъзоси – фирибгар аёл сурати ёпиштирилган қалбаки Россия паспортини тайёрлаб берганлар. Ана шу пас­порт асосида нотариал идорада меросни расмийлаштириш учун ўзини бошқа шахс қилиб кўрсатган кимса номига тайёрланган ишончнома тасдиқлатиб олинган. Жиноятчилар квартирага берилган ордернинг дубликатини, керакли маълумотномаларни, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳам шу йўсин тайёрлашган. Квартирани сотишга оид ана шу ҳужжатлар билан гўё Россиядан атайин келган, меросхўр ролини ўйнаётган «актриса» нотариусга учрашган. Қалбаки паспорт асосида битим имзоланган.

Фирибгарларга батамом ишонган фуқаролар рўйхатда оила аъзолари турган квартираларни сотиб олган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, бир квартирага кекса киши жияни билан рўйхатда қайд этилган экан. Фирибгарлар уй эгаси ёлғиз яшайди деган мазмунда сохта маълумотнома тайёрлашган. Кекса киши вафот топгач, жиянининг қалбаки Россия паспортини тайёрлашган ва у гўё тоғасининг вафотидан кейин пайдо бўлиб қолган.

Бошқа бир ҳолатда жиноий уюшма аъзолари квартира мулкдори бўлган аёлнинг у билан кўпдан буён бирга яшамаётган эрини рўйхатдан чиқартиришган – у жиноий режани амалга оширишга халақит бераётган эди. Ёки бошқа бир ҳолатда суднинг қалбаки ҳал қилув қарори асосида сохта ҳужжатлар ёрдамида бир фирибгар аёлни вафот этган квартира эгасининг яқин қариндоши деб эътироф этдилар. Янги «қариндош» ўз шериклари билан квартирани ўзлаштириб олиш юзасидан қизғин фаолият бошлаб юборган. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида қалбаки гувоҳнома ҳам тайёрланган. Бироқ фирибгарларга бу квартирани сотиш насиб этмади, негаки квартира туман ҳокимлигида эгасиз мулк сифатида ҳисобга олинган экан. Шунга қарамай, жиноятчилар квартирадан «бир нарсали» бўлишнинг иложини қилишган: квартирани сотиш учун икки марта мижоз топиб, иккаласини мўмайгина бай пулига туширишган. Бировнинг квартирасига эгалик қилиш учун тўда аъзоларидан бири квартира соҳибасининг ишончига кириб, унинг ажралмас дугонасига айланган. Квартира бекаси невараларига қараб туриш учун қизиникига яқинроқ жойга кўчмоқчи бўлган (албатта бу анави «дугонаси»нинг гиж-гижлаши билан). Квартирани сотишда «дугона» ёрдам қилган: охир-оқибат дугона ҳам, пул ҳам, квартира ҳам йўқ бўлди-қўйди. Бунда ҳам фирибгарлар мураккаб комбинация қўлладилар. Улар қалбаки далолатнома ёзуви асосида квартира эгасининг соғ-саломат, бинойидек юрган эри вафот этганлиги тўғрисида сохта гувоҳнома тайёрладилар. Табиийки, ғамбода аёл ишонувчанлиги оқибатида пулдан ҳам, квартирадан ҳам айрилди.

 

ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Бу ишнинг тергови 5 ой давом этди. Бошқа давлатларнинг турли тузилмалари ҳам ёрдам бердилар. Биз битимларни тузишда асосланилган ишончномалар нотариал тартибда тасдиқланганлигини текшириш учун Россия ва Қозоғистонга халқаро сўровлар юбордик. Аммо ишончномалардан биронтаси ҳам тасдиқланмади – ҳаммаси қалбаки экан. Жиноий тўдадагилар жуда пухта иш олиб борган. Аммо улар ўртасида ўзаро аламзадалик, пул бобида иддаолар бўлган. Бу юзлаштириш ва сўроқ асносида уларнинг бир-бирларига нисбатан айтган гаплари ва кўрсатмаларидан ҳам маълум бўлди. Тўдабоши стратегияни белгилаб берар, ҳар эҳтимолга қарши унда ҳамиша қўшимча (захира) вариантлар бўларди. Ашаддий фирибгарларнинг бу «ўйини»да гуруҳ аъзо­лари ўз ролларини зўр актёрлардек адо этдилар.

Тажриба орттириш маъносида бу иш менга жуда қизиқарли бўлди. Кўпгина ташкилотлар билан ҳамкорлик қилдик, жабрланувчилар, жиноятчилар, иштирокчилар, турли тузилмалар ходимлари дегандек, кенг кўламдаги шахслар доираси билан мулоқотда бўлдик. Техник экспертизалар ҳам, дастхат бўйича экспертизалар ҳам ўтказилди, ФҲДЁ муҳрлари намуналарини олдик – вафот этганлик тўғрисидаги, никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ва никоҳ тўғрисидаги гувоҳномалар ҳам қалбаки бўлиб чиқди. Ҳар бир экспертиза индивидуал хусусиятга эга бўлиб, уни ўтказиш учун муайян хулоса қилиш имконини берадиган ҳужжатлар туркуми талаб этиларди. Маълум бўлдики, жиноятчилар муҳрларнинг қалбаки клишесини тайёрлатишган, шу жумладан завод усулида тайёрлатилган.

Жиноий тўда бошлиғини қўлга олиш, ҳатто бизнинг наздимизда, жуда кескин вазиятда ўтди. Биз ўзини муайян шахс қилиб кўрсатган кимса билан учрашувга кетаётганимизда, унинг тергов билан ҳамкорлик қила бошлаган хабарчилари қўнғироқ қилиб қолишди. Улар тўдабоши Юнусобод туманидаги ресторанлардан бирида учрашув тайинлаганлигини айтишди. Бошлиқ ҳали эркинликда эканлиги боис шерикларининг ҳар бир қадамини назорат қилиб турарди. Иш чаппасига кета бошлаганлигини ҳис этгач, жиноий уюшма аъзолари билан мулоқотни у шартта тўхтатиб қўйди.

Аёллар «хўжайин» тахминан қандай машинада юришидан бизни хабардор этишди. Ресторанга етиб бормасимиздан кўчанинг нари томонида қарши йўналишда кетаётган машина эътиборимни тортди. Ҳойнаҳой унда тўдабоши кетаётган бўлса керак деган ички туйғум янглиш чиқмади. Биз машинани ортга бурдик. Бахтимизга сал нарида патруль-пост хизматининг икки ходими турган экан. Уларга вазиятни тушунтириб, шу заҳоти жиноятчини қўлга олиш режасини келишиб олдик. Патруль машина бизнинг машинадан олдинроққа ўтиб олгач, тўдабоши автомобилининг ёнгинасида тўхтайди, шу зайил унинг йўлини тўсиб қўямиз. Бироқ жиноятчи ўта эҳтиёткор экан (Дарвоқе, шериклари билан учрашиладиган жойга бормади ҳам). Шу боис уни қўлга олишни сира кечиктириб бўлмас эди. Қозоғистонда туғилган ва эндиликда фуқаролиги бўлмаган шахс мақомидаги тўдабоши исталган дақиқада мамлакатимиздан қочиб қолиши ва яшириниши мумкин эди. Келишиб олинган режага мувофиқ унинг автомобилини ўровга олдик, ­аммо жиноятчи тезкорлик қилди ва бир лаҳзада биздан 15 метрлар чамаси нарига бориб қолди. Шундай бўлса-да, йўл-патруль хизмати ходимлари ёрдамида қўлга олинди ва туман ИИБга олиб борилди.

Жиноий тўда фаолияти кўлами ва миқёслари шу даражада катта эдики, тергов бу ишдаги иштирокчиларнинг ҳаммасини аниқлашга муваффақ бўлди деб бўлмайди. Хусусан, қалбаки ҳужжатлар ва паспортлар тайёрлаш билан шуғулланганлар, бўш ётган квартиралар ва ёлғиз пенсионерлар истиқомат қилаётган турар жойлар тўғрисида ахборот етказиб турганлар қамровимиздан четда қолиб кетди. Шу сабабли жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритиш учун ажратиб чиқарилди ва бу борада ишлар давом этмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди тўдабошига нисбатан 17 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, жиноий тўданинг бошқа аъзоларининг жазо муддати бундан 1 йил кам этиб белгиланди. Ўзини бошқа шахс қилиб кўрсатган кимсалар турли муддатга шартли жазо олдилар.

Меросхўрлар суднинг ҳукми асосида фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида олди-сотди битимларини ҳақиқий эмас деб топиш ва квартираларини ўзларига қайтариш ҳақида даъво аризаси билан муро­жаат қилдилар. Аммо ўта ишонувчанлик сотиб олувчиларга қимматга тушди. Суднинг қарорига кўра уларга жиноят­чилар квартира олиш учун харжлаган пулларини қайтаришлари лозим. Аммо пуллари қачон қайтиши – номаълум. Шу сабабли квартира бобида фирибгарларнинг қармоғига илинмаслик учун кўчмас мулк билан боғлиқ ишларда ниҳоятда ҳушёр ва эътиборли бўлиш лозим.

 

 

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Курляндцева Ольга Валерьевна. Подполковник, Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИБнинг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси. 1997 йили Ўзбекистон ИИВ Академиясининг тергов-криминалистика бўлимини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини пойтахт ИИББ иш юритувчисилигидан бошлаган. 20 йилдан буён ИИВ тизимида ишлайди. Қанчадан қанча жиноятларни фош этган. 2013 йили «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

 

 

Ирина ГРЕБЕНЮК, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2910 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика