Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 08 / Бухгалтерга тавсиялар

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни кимлар ва қандай тўлайди

 

Солиқ тўловчилар

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидагиларни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланади (СК 449-м.):

● ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб оладиган;

● техноген минерал ҳосилалардан фойдали қазилмаларни ажратиб оладиган.

Фойдали қазилмалар – бу ер қаъридаги келиб чиқиши ноорганик ва органик бўлган қаттиқ, суюқ ёки газ ҳолидаги табиий минерал ҳосилалар, шу жумладан саноат аҳамиятига молик ер ости сувлари, шўр кўлларнинг туз эритмалари ва рапалари (23.09.1994 йилдаги 2018-XII-сон ЎРҚ 2-м.).

Ер қаъри – ер қобиғининг тупроқ қатламидан қуйида жойлашган, тупроқ қатлами бўлмаганда эса ер юзасидан ёки сув объектлари тубидан қуйида жойлашган, геологик жиҳатдан ўрганиш ва ўзлаштириш мумкин бўлган чуқурликкача ясланган қисми.

Фойдали таркиб – бу фойдали қазилманинг саноат йўсинида ишлатиш мақсадида қазиб олиш технологик жиҳатдан мумкин ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлган таркибий қисми.

Техноген минерал ҳосилалар – бу фойдаланиш учун яроқли бўлган ва фойдали таркибларни ўз ичига олган кончилик ва қайта ишлаш саноатининг чиқиндилари ҳисобланади (23.09.1994 йилдаги 2018-XII-сон ЎРҚ 2-м.).

Қимматбаҳо металларни қўлда қазиб олиш фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар томонидан солиқ тўланмайди.

Қўлда қазиб олиш фаолияти – ер қаъри участкаларидан, шу жумладан сочма олтин конларидан тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни носаноат усулида кавлаб олиш.

 

Юридик ва жисмоний шахслар ер қаъридан фойдаланувчи бўлиши мумкин («Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонуннинг 20-м.).

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солиш объекти бўлиб нима ҳисобланади

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солиш объектлари қуйидагилар ҳисобланади (СК 450-м.):

● фойдали қазилмани қазиб олиш (ажратиб олиш) ҳажми;

● қазиб олинган (ажратиб олинган) қора, қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металларнинг, шунингдек нодир ва нодир ер элементларининг ҳақиқатда реализация қилинган ҳажми.

Қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг ҳажмини қазиб олиш (ажратиб олиш), бирламчи ишлов бериш, қайта ишлаш ва транспортда ташишнинг бутун технологик жараёни доирасида юзага келадиган технологик йўқотишларни чегирган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан тасдиқланган меъёрлар доирасида аниқланг. Бундай меъёрлар мавжуд бўлмаганда, уларни мустақил равишда аниқланг ва тасдиқланг.

Қуйидагилар технологик йўқотишлар деб эътироф этилади, хусусан (СК 450-м. 3-қ.):

● фойдали қазилмаларни қазиб олиш чоғидаги йўқотишлар, шу жумладан уларнинг қолдиқлари (ажратиб олиб бўлмайдиган захиралари);

● углеводородларни дастлабки саноат мақсадида қайта ишлаш чоғидаги йўқотишлар;

● қатламдаги босимни сақлаб туриш ва (ёки) углеводородларни ёпиқ технологик жараён доирасида ажратиб олиш учун маҳсулдор қатламга қайта ҳайдаб киритиладиган табиий газ ҳажми.

Солиқ солиш объекти фойдали қазилманинг ҳар бир тури бўйича алоҳида аниқланади.

Қуйидагилар солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланмайди (СК 450-м. 5-қ.):

● сизга берилган ер участкалари доирасида қазиб олинган (ажратиб олинган) ҳамда шахсий хўжалик ва маиший эҳтиёжлар учун фойдаланилган кенг тарқалган фойдали қазилмалар;

● дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари натижасида қазиб олинган (ажратиб олинган) норуда фойдали қазилмалар (бундан реализация қилинган фойдали қазилманинг ҳажми мустасно).

 

Aгар ушбу норуда фойдали қазилмалар келгусида қайта ишланса ва реализация қилинса, уларга солиқ солинади.

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари

Солиқ ставкалари солиқ солиш объектларининг қуйидаги номларига мувофиқ қўлланилади ва белгиланади:

● энергия ташувчилари;

● қимматбаҳо металлар;

● рангли металлар;

● радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементлари;

● ярим қимматбаҳо тошлар хом ашёси;

● қора металлар;

● кон-кимё хом ашёси;

● кон-руда хом ашёси;

● норуда қурилиш материаллари;

● техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олинган фойдали қазилмалар.

Солиқ ставкалари қуйидагича ажратилади (СК 452-м. 1-қ.):

● солиқ базасига нисбатан фоизларда;

● натура кўрсаткичининг бирлиги учун қатъий суммада;

● солиқ базасига нисбатан фоизларда, лекин натура кўрсаткичининг бирлиги учун қатъий суммадан кам бўлмаган миқдорда. Яъни, ушбу ҳолатда солиқ икки ҳисоб-китоб қилинган суммадан каттароғининг миқдорида тўланади.

Давлат улуши устун мавқега эга бўлган қуйидаги қазилмаларни қазиб олишни (ажратиб олишни) амалга оширувчи корхоналарга Президент томонидан солиқ бўйича оширилган ставкалар белгиланиши мумкин:

● углеводородларни;

● қимматбаҳо, рангли ва (ёки) радиоактив металларни;

● нодир элементлар ва нодир ер элементларини;

● маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида амалга оширувчи (агарда 2021 йил 1 сентябргача кучга кирган келишувлар ва шартномалар билан бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса).

Агар ушбу корхоналар қазиб олишни 2022 йил 1 сентябрдан кейин бошлаган бўлсалар, улар умумбелгиланган ставкалар доирасидаги солиқларни қўллайдилар (СК 452-м. 3-қ.).

 

Солиқ ва ҳисобот даврлари

Қуйидагилар солиқ даври бўлиб ҳисобланади:

● юридик шахслар учун – чорак;

● жисмоний шахслар учун – календарь йил.

Қуйидагилар ҳисобот даври бўлиб ҳисобланади:

● юридик шахслар учун – бир ой;

● жисмоний шахслар учун – календарь йил.

 

Солиқ базаси қандай аниқланади ва солиқ ҳисоб-китоби

Солиқ солиш базаси ва ўрнатилган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда солиқни ҳисобланг (СК 451-м.).

Солиқ базасини ҳар бир қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилма бўйича солиқ (ҳисобот) даври бошидан ўсиб борувчи тартибда аниқланг.

Солиқ базасини (бундан қуйида баён этилган айрим ҳолатлар мустасно) қуйидаги формулалардан бири бўйича аниқланг:

Солиқ базаси = Қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилмалар ҳажми х Солиқ (ҳисобот) даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси.

 

Солиқ базаси = Қазиб олинган (ажратиб олинган) қора, қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементлари х Солиқ (ҳисобот) даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси.

 

Солиқ (ҳисобот) даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

Ўртача олинган реализация қилиш баҳоси = Пулда ифодаланган реализация қилиш ҳажми (ҚҚС ва акциз солиғи чегирилган ҳолда) / Натурада ифодаланган реализация қилиш ҳажми. 

 

МИСОЛ. Реализация қилиш амалга оширилган ойда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби

Корхона 2024 йилнинг январь ойида 40 куб м калий тузи (технологик йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда) қазиб олди.

Ушбу ойнинг ўзида умумий суммаси 15 750 000 сўм бўлган 35 куб м калий тузи реализация қилинди.

Ҳисобот ойи учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси 450 000 сўмни (15 750 000 : 35) ташкил этди.

Солиқ солинадиган база 18 000 000 сўмни (40 х 450 000) ташкил этади.

Калий тузи учун солиқ ставкаси – 3,5%, лекин 1 куб м учун 5 600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси 630 000 сўмга (18 000 000 х 3,5%) тенг.

Қатъий суммадаги ставка бўйича бирлик учун солиқ суммаси – 224 000 сўм (40 х 5 600).

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммасидан кўп бўлганлиги сабабли январь ойи учун солиқ 630 000 сўм миқдорида тўлаб берилади.

Агар ҳисобот даврида реализация амалга оширилмаган бўлса, солиқ солинадиган база фойдали қазилмани реализация қилиш амалга оширилган охирги солиқ (ҳисобот) давридаги ўртача олинган реализация қилиш баҳосидан келиб чиқиб аниқланади (СК 451-м. 6-қ.).

 

МИСОЛ. Реализация амалга оширилмаган ойда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби

Корхона 2024 йилнинг февраль ойида 50 куб м (технологик йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда) тош (ош) тузини қазиб олди.

Мазкур ойда корхона томонидан ушбу хом ашёнинг реализацияси амалга оширилмади.

Реализация амалга оширилган охирги ҳисобот даври – 2023 йилнинг декабрь ойи.

Ўшанда умумий суммаси 8 000 000 сўм бўлган 20 куб м тош (ош) тузи реализация қилинган.

Декабрь ойидаги ўртача олинган реализация қилиш баҳоси 1 куб м учун 400 000 сўмни ташкил этади (8 000 000 / 20).

Февраль ойи учун солиқ базаси – 20 000 000 сўм (50 х 400 000).

Тош (ош) тузи учун солиқ ставкаси – 3,5%, бироқ 1 куб м учун 5 600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси 700 000 сўмни (20 000 000 х 3,5%) ташкил этади.

Қатъий суммадаги ставка бўйича бирлик учун солиқ суммаси – 280 000 сўмни (50 х 5 600) ташкил этади.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммасидан кўп бўлганлиги сабабли февраль ойи учун солиқ 700 000 сўм миқдорида тўлаб берилади.

Aгар ҳисобот ойида фойдали қазилма умуман реализация қилинмаса, солиқ базаси солиқ (ҳисобот) даврида мазкур фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг (ажратиб олишнинг) ишлаб чиқариш таннархини 20%га оширган ҳолда аниқланади (СК 451-м. 7-қ.).

Бунда сиз реализация амалга оширилган ўша ҳисобот ойида ҳисобланган солиқ суммасига ҳисобот ойида шаклланган ўртача олинган нархидан келиб чиққан ҳолда кейинги тузатишни (корректировка) киритишингиз лозим бўлади.

 

МИСОЛ. Кейинги тузатишни киритиш билан умуман реализация амалга оширилмаганда солиқ ҳисоб-китоби

Корхона 2024 йилнинг январь ойида тош (ош) тузини қазиб олишни бошлади. Мазкур ойда 30 куб м ҳажмда тоғ-кимё хом ашёси (технологик йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда) қазиб олинди.

Қазиб олиш бошлангунига қадар корхонада тош (ош) тузининг реализацияси умуман мавжуд бўлмаганлиги сабабли солиқ солинадиган базани қазиб олишнинг 20%га оширилган ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаймиз.

Қазиб олишнинг ишлаб чиқариш таннархи бўйича умумий ҳажми 9 000 000 сўм бўлган ҳолатда, солиқ солиш базаси 10 800 000 минг сўмни (9 000 000 х 120%) ташкил этади.

Тош (ош) тузи учун солиқ ставкаси – 3,5%, бироқ 1 куб м учун 5 600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси 378 000 сўмни (10 800 000 х 3,5%) ташкил этади.

Қатъий суммадаги ставка бўйича бирлик учун солиқ суммаси – 168 000 сўмни (30 х 5 600) ташкил этади.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммасидан кўп бўлганлиги сабабли январь ойи учун солиқ 378 000 сўм миқдорида тўлаб берилади.

Тош (ош) тузининг биринчи бор реализацияси 2024 йил февраль ойида бўлган.

Ушбу ойда умумий суммаси 8 000 000 сўм бўлган 20 куб м ҳажмдаги маҳсулот сотилган. Февраль ойидаги ўртача олинган реализация қилиш баҳоси 1 куб м учун 400 000 сўмни (8 000 000 / 20) ташкил этади.

Корхона 2024 йил февраль ойида январь ойи учун ҳисобланган солиқ суммасини февралдаги ўртача олинган реализация қилиш баҳосидан келиб чиққан ҳолда тегишли тузатишни киритиши лозим.

Январь ойи учун 42 000 сўм ((30 х 400 000 х 3,5%) – 378 000) миқдордаги солиқни қўшимча тўлаш керак бўлади.

Шундай ҳолатлар бўладики, яъни қазиб олинган фойдали қазилманинг фақат бир қисми реализация қилинади, қолган қисми эса ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилади.

Бундай ҳолларда солиқ базаси қазиб олинган фойдали қазилманинг бутун ҳажмига ҳисобланган ушбу фойдали қазилманинг ўртача олинган нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (СК 451-м. 5-қ.).

 

МИСОЛ. Фойдали қазилманинг бир қисми реализация қилиниб, қолган қисми эса ўзининг эҳтиёжлари учун фойдаланилганда солиқ ҳисоб-китоби

Корхона 2024 йилнинг февраль ойида 50 куб м (йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда) тош (ош) тузини қазиб олди.

Мазкур ойда корхона 48 куб м ҳажмда реализация қилиб, 2 куб м ушбу тоғ-кимё хом ашёсини ўз эҳтиёжлари учун сарфлади.

48 куб м хом ашё 16 800 000 сўмга реализация қилинди.

Февраль ойидаги ўртача олинган реализация қилиш баҳоси 1 куб м учун 350 000 сўмни (16 800 000 / 48) ташкил этади.

Февраль ойи учун солиқ солинадиган база қазиб олинган фойдали қазилманинг бутун ҳажмига ҳисобланган ушбу фойдали қазилманинг ўртача олинган нархидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича ҳисобланади:

50 х 350 000 = 17 500 000 минг сўм.

Тош (ош) тузи учун солиқ ставкаси – 3,5%, бироқ 1 куб м учун 5 600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси 612 500 сўмни (17 500 000 х 3,5%) ташкил этади.

Қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммаси – 280 000 сўм (50 х 5 600).

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммасидан кўп бўлганлиги сабабли февраль ойи учун солиқ 612 500 сўм миқдорида тўлаб берилади.

Корхоналар фойдали қазилмалардан фақат ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланишлари мумкин. Мазкур ҳолатда солиқ базасини қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг 20%га оширилган ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқлайсиз (СК 451-м. 8-қ.).

 

МИСОЛ. Фойдали қазилма ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилганда солиқ ҳисоб-китоби

Корхона 2024 йилнинг январь ойида калий тузини қазиб олишни бошлади.

Мазкур ойда ушбу тоғ-кимё хом ашёси 30 куб м (технологик йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда) қазиб олинди.

Қазиб олинган хом ашё тўлиқ ҳажмда ишлаб чиқариш эҳтиёжларига йўналтирилди.

Ушбу ҳолатда солиқ базасини қазиб олишнинг 20%га оширилган ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаймиз.

Қазиб олишнинг ишлаб чиқариш таннархи бўйича умумий ҳажми 7 500 000 сўм бўлган ҳолатда солиқ солиш базаси 9 000 000 минг сўмни (7 500 000 х 120%) ташкил этади. Калий тузи учун солиқ ставкаси – 3,5%, бироқ 1 куб м учун 5 600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда.

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси 315 000 сўмни (9 000 000 х 3,5%) ташкил этади.

Қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммаси – 168 000 сўм (30 х 5 600).

Фоизлардаги ставка бўйича солиқ суммаси қатъий суммадаги ставка бўйича солиқ суммасидан кўп бўлганлиги сабабли январь ойи учун солиқ 315 000 сўм миқдорида тўлаб берилади.

 

Сиз табиий газни, нефтни ва (ёки) газ конденсатини мустақил равишда қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш асосида қайта ишлашни амалга оширсангиз, солиқ базасини улардан олинган маҳсулотларнинг реализацияси баҳосидан келиб чиқиб, уларга солиқ тўловчи томонидан сарфланган, уларни кейинги қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланган ҳолда аниқлайсиз (СК 451-м. 9-қ.).

 

Қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металларни, шунингдек нодир ҳамда нодир ер элементларини қазиб олишда солиқ базаси ушбу фойдали қазилмалар реализациясининг ўртача олинган нархидан келиб чиққан ҳолда, уларни кейинги қайта ишлаш (эритиш, аффинаж) ва (ёки) транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланган ҳолда аниқланади (СК 451-м. 10-қ.).

 

Қазиб олинган фойдали қазилмаларни (шу жумладан қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш асосида қайта ишлаш) транспортда ташиш ва (ёки) қайта ишлаш харажатлари суммаси солиқ органлари билан биргаликда аниқланади. Ушбу суммага календарь йил якунлари бўйича тузатиш киритиш мумкин (СК 451-м. 11-қ.).

 

Фойдали қазилмаларнинг айрим турларига нисбатан солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланади (СК 451-1-м.). Булар олтин, кумуш, платина, палладий, мис, рух, қўрғошин ва молибден каби металлардир.

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ қандай тўланади ва солиқ ҳисоботи қандай топширилади

Солиқ ҳисоботи солиқ ҳисобида турган жойдаги, норуда фойдали қазилмалар бўйича эса – қазиб олиш амалга оширилган жойдаги солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим этилади (СК 454-м. 3-қ.):

● юридик шахслар – солиқ даври (чорак) бошланганидан эътиборан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот даври (ойи)дан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай;

● жисмоний шахслар – йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай.

Солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади (СК 454-м. 4-қ.):

● юридик шахслар – ҳар ойда кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай;

● жисмоний шахслар – солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай.

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби қандай тўлдирилади

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби солиқ ҳисобида турган жойдаги, норуда қурилиш материаллари бўйича эса – қазиб олиш амалга оширилган жойдаги солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим этилади (СК ­454-м. 3-қ.):

● юридик шахслар томонидан – солиқ даври (чорак) бошланганидан эътиборан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот давридан (ой) кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай;

● жисмоний шахслар томонидан – йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай.

 

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби нималардан тузилади

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби қуйидагиларни ўз ичига олади:

● Ҳисоб-китоб;

● 1-«Қора, қимматбаҳо, рангли, радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементларини қазиб олувчилар учун ҳисоб-китоб» иловаси;

● 2-«Табиий газни, нефтни ва (ёки) газ конденсатини мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган қисми учун ҳисоб-китоб» иловаси;

3-«Бошқа фойдали қазилмалардан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби (табиий газни, нефтни ва (ёки) газ конденсатини мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган қисми ҳамда қора, қимматбаҳо, рангли, радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементларини қазиб олувчилар мустасно)» иловаси;

● «Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобида кўрсатиладиган ўлчов бирликлари» маълумотномаси.

Ҳисоб-китобнинг барча сатрлари автоматик тарзда тўлдирилган иловалардаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда тўлдирилади.

Ҳисоб-китобда фақат қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар тўлдирилиши керак:

● фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия;

● техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия;

● «Хавфсиз дарё» ДУК билан шартнома.

 

1-илова қандай тўлдирилади

1-«Қора, қимматбаҳо, рангли, радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементларини қазиб олувчилар учун ҳисоб-китоб» иловасидаги устунларда қуйидагилар кўрсатилган:

● 010 – металлар номи;

● 020 – ўлчов бирлиги.

Металлар ва элементлар турлари бўйича қуйидаги кўрсаткичларни устунларда алоҳида-алоҳида кўрсатинг:

● 030 – қазиб олиш ҳажми;

● 050 – натурада ифодаланган сотиш ҳажми (тонна ёки куб м);

● 060 – концентратнинг натурада ифодаланган сотиш ҳажми (тонна ёки куб м);

● 070 – натурада ифодаланган якуний (тайёр) маҳсулот ҳажми (тонна ёки куб м);

● 080 – ҳақиқатда реализация қилинган фойдали қазилманинг қиймати (ҚҚСсиз ва акциз солиғисиз);

● 100 – ўртача арифметик биржа баҳоси (ДСҚ томонидан шакллантирилади);

● 120 – трансферт нархни белгилаш натижасида олинмаган даромад суммаси (бошқа металлар бўйича тўлдириш учун очиқ бўлган қуйи сатрларда);

● 140 – кейинчалик қайта ишлаш (эритиш, аффинаж) харажатлари;

● 150 – транспортда ташиш харажатлари;

● 160 – трансферт нархни белгилаш натижасида таннархнинг оширилган суммаси (бошқа металлар бўйича тўлдириш учун очиқ бўлган қуйи сатрларда);

● 180 – солиқ ставкаси

Ушбу устунлар тўлдирилганидан кейин қуйидаги устунлардаги кўрсаткичлар автоматик тарзда ҳисобланади:

● 040 – натурада ифодаланган умумий сотиш ҳажми, у руда (050-устун), концентрат (060-устун) ва якуний (тайёр) маҳсулот (070-устун) ҳажмини ўз ичига олади;

● 090 – ҳақиқатда реализация қилинган фойдали қазилманинг қийматини (080-устун) натурада ифодаланган умумий сотиш ҳажмига (040-устун) бўлиш орқали аниқланадиган ўртача олинган реализация қилиш баҳоси (ҚҚСсиз ва акциз солиғисиз);

● 110 – ўртача арифметик биржа баҳоси ва ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ўртасида олинган юқорироқ нарх (090 ва 100-устунлардан қайси бири юқорироқ бўлса);

● 130 – кейинчалик қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари суммаси (140 ва 150-устунлар йиғиндиси);

● 170 – солиқ базаси.

Олтин, мис, кумуш, платина, палладий, рух, қўрғошин, молибден бўйича солиқ базаси қуйидаги формула орқали аниқланади:

Натурада ифодаланган умумий сотиш ҳажми (040-устун) х Ўртача арифметик биржа баҳоси ва ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ўртасида олинган юқорироқ нарх (110-устун) – Кейинчалик қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари суммаси (130-устун).

 

Бошқа металлар бўйича солиқ базаси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

Натурада ифодаланган умумий сотиш ҳажми (040-устун) х Ўртача олинган реализация қилиш баҳоси (090-устун) – Кейинчалик қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари суммаси (130-устун) + Трансферт нархни белгилаш натижасида олинмаган даромад суммаси (120-устун) + Трансферт нархни белгилаш натижасида оширилган харажат суммаси (160-устун);

 

● 190 – солиқ базасини (170-устун) солиқ ставкасига ­(180-устун) кўпайтириш орқали аниқланадиган солиқ суммаси.

 

2-илова қандай тўлдирилади

2-«Табиий газни, нефтни ва (ёки) газ конденсатини мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган қисми учун ҳисоб-китоб» иловасида кўрсаткичларни 050-устунда (ҳажм тонна ёки куб метрда) ва 060-устунда (қиймат сўмда) қуйидаги сатрлар бўйича кўрсатинг:

● 0110 – газ;

● 0111 – нефть;

● 0112 – газ конденсати;

● 02101–021015 – табиий газни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар;

● 02201–022015 – нефтни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар;

● 02301–023015 – газ конденсатини қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар.

● 060-устунда сатрларда қуйидагиларни кўрсатинг:

● 030 – трансферт нархни белгилаш натижасида олинмаган тушум суммаси;

● 04101–04105 – кейинчалик қайта ишлаш харажатлари суммаси;

● 0411–04115 – кейинчалик транспортда ташиш харажатлари суммаси;

● 041211–041215 – ўз кучи билан бажарилган кейинчалик қайта ишлаш харажатлари суммаси;

● 041221–041225 – ўз кучи билан амалга оширилган транспортда ташиш харажатлари суммаси;

● 050 – трансферт нархни белгилаш натижасида оширилган таннарх суммаси;

● 070 – солиқ ставкаси.

Ушбу сатрлар тўлдирилганидан кейин сатрлар бўйича қуйидаги кўрсаткичлар автоматик тарзда ҳисобланади:

● 020 – газ, нефть ва газ конденсатининг умумий суммаси;

● 0210 – газни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар умумий ҳажми ва қиймати;

● 0220 – нефтни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар умумий ҳажми ва қиймати;

● 0230 – газ конденсатини қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар умумий ҳажми ва қиймати;

● 040 – кейинчалик қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатларининг умумий суммаси;

● 0412 – ўз кучи билан бажарилган кейинчалик қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари суммаси;

● 060 – солиқ базаси, қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

Газ, нефть ва газ конденсатининг умумий реализация қилиш баҳоси (020-сатр) + Трансферт нархни белгилаш натижасида олинмаган тушум суммаси (030-сатр) – (Кейинчалик қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатларининг умумий суммаси (040-сатр) – Трансферт нархни белгилаш натижасида оширилган таннарх суммаси (050-сатр));

 

● 080 – солиқ базасини (060-сатр) солиқ ставкасига ­(070-сатр) кўпайтириш орқали аниқланадиган солиқ суммаси.

 

3-илова қандай тўлдирилади

3-«Бошқа фойдали қазилмалардан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби (табиий газни, нефтни ва (ёки) газ конденсатини мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган қисми ҳамда қора, қимматбаҳо, рангли, радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементларини қазиб олувчилар мустасно)» иловасида тегишли фойдали қазилмалар турлари бўйича устунларда қуйидаги кўрсаткичларни кўрсатинг:

● 040 – реализация қилиш учун қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг ҳажми (тонна ёки куб м);

● 050 – ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг ҳажми (тонна ёки куб м);

● 060 – йўқотишлар (тонна ёки куб м), бундан нормадан ортиқ бўлганлари мустасно;

● 080 – натурада ифодаланган сотиш ҳажми (тонна ёки куб м);

● 090 – пулда ифодаланган сотиш ҳажми (ҚҚС ва акциз солиғи чегириб ташланган ҳолда);

● 120 – охирги солиқ (ҳисобот) даврида фойдали қазилмани ўртача олинган реализация баҳоси (аввалги ҳисоботнинг 100-сатри);

● 130 – трансферт нархни белгилаш натижасида олинмаган тушум суммаси;

● 140 – фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг (ажратиб олишнинг) бир бирлик маҳсулот учун ишлаб чиқариш таннархи.

Ушбу устунлар тўлдирилганидан кейин қуйидаги кўрсаткичлар устунларда автоматик тарзда ҳисобланади:

● 030 – қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг ҳажми (тонна ёки куб м) қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Реализация қилиш учун қазиб олинган ҳажм (040-устун) + Ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари қазиб олинган фойдали қазилманинг ҳажми (050-устун) – Норма доирасидаги йўқотишлар (060-устун).

 

Шунингдек табиий газ, нефть ва газ конденсати учун умумий ҳажмда мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган газ, нефть ва газ конденсати ҳажми ­(070-устун) ҳам ҳисобга олинади. Булар 2-илованинг 0110–0112-сатрлари кўрсаткичларидир;

● 100 – ўртача олинган реализация қилиш баҳоси, пулда ифодаланган сотиш ҳажмини (ҚҚС ва акциз солиғи чегириб ташланган ҳолда) (090-устун) натурада ифодаланган сотиш ҳажмига (080-устун) бўлиш орқали аниқланади;

● 110 – фойдали қазилмаларни қазиб олиш (ажратиб олиш) бошланганидан реализация қилиниши амалга оширилмаган қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилмалар ҳажми (тонна ёки куб м);

● 150 – солиқ базаси, 160–180-устунлар йиғиндиси сифатида аниқланади;

● 160 – қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг умумий ҳажми учун солиқ базаси, қуйидаги формула бўйича аниқланади:

(Натурада ифодаланган қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг умумий ҳажми (030-устун) – Мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган газ, нефть ва газ конденсати ҳажми (070-устун)) х Ўртача олинган реализация қилиш баҳоси (100-устун);

 

● 170 – солиқ (ҳисобот) даврида реализация қилинганмаган фойдали қазилмалар учун солиқ базаси, қуйидаги формула бўйича аниқланади:

(Натурада ифодаланган қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг умумий ҳажми (030-устун) – Мустақил равишда ёхуд қайтариш шарти билан қайта ишлашга берилган нефть ва газ конденсати ҳажми (070-устун)) х Охирги солиқ (ҳисобот) даврида фойдали қазилманинг ўртача олинган реализация баҳоси (120-устун);

 

● 180 – қазиб олиш (ажратиб олиш) бошланганидан кейин реализация амалга оширилмаган фойдали қазилмалар учун солиқ базаси, қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Қазиб олиш (ажратиб) олиш бошланишидан реализация амалга оширилмаган фойдали қазилмалар ҳажми, натура кўрсаткичларида (110-устун) х Фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг (ажратиб олишнинг) бир бирлик маҳсулот учун ишлаб чиқариш таннархи (140-устун) х 1,2;

 

● 190 – солиқ ставкаси %да;

● 200 – 1 тонна ёки куб м учун белгиланган солиқ суммаси. Айрим турдаги фойдали қазилмалар учун фоиз ставкаси бўйича аниқланган солиқ суммаси 1 тонна ёки куб м учун белгиланган сумма бўйича аниқланган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги лозим (СК 452-м.);

● 210 – солиқ базасини (150-устун) солиқ ставкасига ­(190-устун) кўпайтириш орқали аниқланадиган умумий солиқ базаси учун солиқ суммаси;

● 220 – умумий солиқ базаси учун солиқ суммасини (210-устун) натурада ифодаланган қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг умумий ҳажмига (030-устун) бўлиш орқали аниқланадиган бир бирлик маҳсулот учун ҳисоб-китобда солиқ суммаси;

● 230 – бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси.

Бир бирлик маҳсулот учун ҳисоб-китобда солиқ суммаси (220-устун) бир бирлик маҳсулот учун белгиланган солиқ суммасидан (200-устун) паст бўлса, бир бирлик маҳсулот учун белгиланган солиқ суммасини (200-устун) натурада ифодаланган қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг умумий ҳажмига (030-устун) кўпайтириш орқали аниқланадиган солиқ суммаси бюджетга тўланади.

Агар бир бирлик маҳсулот учун ҳисоб-китобда солиқ суммаси (220-устун) бир бирлик маҳсулот учун белгиланган солиқ суммасидан (200-устун) юқори ёки тенг бўлса, солиқ базасини (150-устун) солиқ ставкасига (190-устун) кўпайтириш орқали аниқланадиган солиқ бюджетга тўланади.

 

МИСОЛ. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобининг тўлдирилиши

2024 йил январь ойида корхона 41 куб м калий тузини (кейинчалик реализация қилиш учун) қазиб олди, шу жумладан 1 куб м норма доирасида йўқотишлар бўлди.

Ушбу ойда умумий суммаси 15 750 000 сўм бўлган 35 куб м калий тузи реализация қилинди.

Ҳисобот ойида ўртача олинган реализация қилиш баҳоси 450 000 сўмни (15 750 000 / 35) ташкил қилади.

Солиқ базаси 18 000 000 сўмни ((41 – 1) х 450 000) ташкил қилади.

Калий тузи бўйича солиқ ставкаси – 3,5%, бироқ 1 куб м учун 5 600 сўмдан кам эмас.

Ставка бўйича фоизларда солиқ суммаси 630 000 сўмга (18 000 000 х 3,5%) тенг бўлди.

Ставка бўйича бир бирлик учун қатъий миқдорда белгиланган солиқ суммаси – 224 000 сўм (40 х 5 600).

Фоиз ставкаси бўйича солиқ суммаси қатъий белгиланган ставка бўйича солиқ суммасидан юқори бўлганлиги сабабли январь ойи учун солиқ 630 000 сўм миқдорида тўланади.

 

Зарема МЕНАЛИЕВА, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ресурс солиқлари услубияти бўлими бошлиғи,

Олег ЦОЙ, «Норма» эксперти.

Прочитано: 234 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика