Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 09 / Божхона

ТИФ: 2023 йилги айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳи

 

Божхона брокерлари уюшмаси раисининг ўринбосари Энвер Халиловнинг 2023 йилда қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришлар ва жорий йилда кутилаётган ташқи савдо амалиётидаги янгиликларга бағишланган шарҳини давом эттирамиз.

 

ТИФни оптималлаштириш учун

Мамлакатимизда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона ва юк операцияларини амалга ошириш жараёнларини янада соддалаштириш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажмларини ошириш, трансчегаравий электрон савдони янада ривожланиш – булар божхона соҳасини кенг кўламли рақамлаштириш, Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (27.04.2022 йилдаги ПҚ-122-сон) ижросини таъминлашнинг устувор йўналишларини белгилашни тақозо этди. Шу муносабат билан 24.10.2023 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 560-сон қарори қабул қилинди, унда ЎзР Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган, хусусан:

● инвойс (ҳисобварақ-фактура) асосида экспорт қилишда олдиндан тўлов 100%дан 50%га туширилди;

● божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарларни етарли даражада қайта ишлаш мезони асосида ҳосил қилинган қайта ишлаш маҳсулоти божхона ҳудудидан экспорт божхона режимига расмийлаштирилган ҳолда олиб чиқилади;

● ташқи савдо операцияларини амалга оширишда шартнома бўйича хорижий ҳамкор мамлакат ўзгариши билан боғлиқ қўшимчаларни БЮДда қайд этиш талаби мақбуллаштирилди;

● ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида ташқи савдо шартномалари маълумотларига қўшимча келишувларсиз ўзгартириш киритиш имконияти яратилди.

 

Инвестиция муҳитини яхшилаш учун

Ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, тармоқ ва ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларига инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишни жадаллаштириш, инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Президентнинг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (21.07.2023 йилдаги ПФ-111-сон) билан белгиланган тартибга мувофиқ:

а) инвестициялар йўналишида:

● Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ҳар бир инвесторга лойиҳа ишга туширилгунга қадар барча босқичларда ҳамроҳлик қиладиган, хусусан ер олиш, инфратузилмага уланиш, рухсатномаларни расмийлаштириш каби масалаларни ҳал қилиб борадиган «инвестиция менежерлари» бириктирилади. Бунда «инвестиция менежерлари» мақоми бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғига тенглаштирилади;

«инвестиция менежерлари» вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари вазифалари юклатилган ўринбосарлари билан тўғридан-тўғри иш олиб боради;

● Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги тизимида «ягона дарча» тамойили асосида, шу жумладан «онлайн» режимда фаолият юритувчи Инвесторлар маркази ташкил этилди.

б) саноат йўналишида:

● 2023 йил 1 декабрга қадар Электрон кооперация портали негизида Ўзбекистон Миллий саноат портали (кейинги ўринларда – саноат портали) яратилди. Бунда саноат портали Солиқ қўмитаси, Статистика агентлигининг маълумотлар базаси ҳамда «Электрон ҳукумат» тизими билан интеграция қилинди;

● 2023 йил 1 декабрдан бошлаб «GSP+» тизими имтиёзлари қўлланилишига доир маълумотлар олиш, синов лабораторияларини (шу жумладан, ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария-эпидемиология соҳаларда) эркин танлаш, синов баённомаларини электрон расмийлаштириш имконини берадиган ҳамда божхона органлари «ягона дарча» тизимига интеграция қилинган «E-sertifikat» ахборот тизими ишга туширилди;

«Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази» давлат корхонасининг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар штрихли кодларининг давлат реестрини юритиш монопол функцияси бекор қилинди.

 

Божхона қийматини аниқлашда янгилик

I. Иқтисодиёт ва молия вазирининг 8.06.2023 йилдаги 29-сон буйруғи (АВ рўйхат рақами ­2868-3, 7.07.2023 й.) билан Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 3-иловасига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

1-банднинг «а» кичик банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

● «Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими томонидан шакллантирилган ташқи савдо контракти (шартнома, келишув) ёки инвойснинг идентификация рақами;».

Киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар Товарнинг маълум қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатига тааллуқли эканлигини таъкидлаб ўтамиз.

Энди божхона қиймати 4-усул бўйича аниқланганда декларацияловчи шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади*****:».

3-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилди:

II. Иқтисодиёт ва молия вазирининг 2.06.2023 йилдаги 25-сон буйруғи (АВ рўйхат рақами 3343-1, 7.07.2023 й.) билан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Низомнинг 3-банди билан аввал манфаатдор шахс томонидан дастлабки қарорни олиш юзасидан божхона органларига божхона юк декларацияси тақдим этилишидан олдин мурожаат қилинар эди.

Энди манфаатдор шахс томонидан дастлабки қарорни олиш учун божхона органларига эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилмаган товарлар юзасидан мурожаат қилади.

Манфаатдор шахс аризани товарнинг божхона қийматини кўрсатмаган, шунингдек ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилмаган ҳолда тақдим этиши мумкин. Бунда манфаатдор шахс ариза шаклининг 3.12-позициясига тегишли белги қўяди.

8-банд қуйидаги мазмундаги 81-банд билан тўлдирилди: манфаатдор шахс томонидан ариза ушбу Низомнинг 6-банди иккинчи хатбошисида белгиланган тартибда тақдим этилганда, божхона қийматини аниқлашнинг захира усулидан фойдаланган ҳолда ўртача божхона қиймати аниқланади ва божхона тўловлари ҳисоблаб чиқарилади.

 

Маълумот учун. Ушбу талаблар асосида қабул қилинган дастлабки қарор божхона расмийлаштируви учун асос сифатида қабул қилинмайди ва божхона органлари учун мажбурий ҳисобланмайди.

 

Карантин остидаги фитомаҳсулотларнинг ТИФ ТН кодлари ўзгартирилди

2022 йилги ЎзР ТИФ ТН янги таҳрири жорий қилинганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2023 йилдаги 491-сон қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ўсимликлар карантинидаги зарарли организмлардан ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (29.01.2018 йилдаги 65-сон ВМҚ билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 65-сон Низом) ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (31.12.2022 йилдаги 733-сон ВМҚ) мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳрири амалга киритилиши муносабати билан:

таснифлаш кодлари ўзгарган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинди;

● 65-сон Низомга иловага мувофиқ ўзгартириш киритиладиган бўлди. 

 

Сертификатлаш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг буйруғи билан Маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларига (АВ рўйхат рақами 1458-6, 15.05.2023 й.) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

8-банд қуйидаги мазмундаги «б1» кичик банд билан тўлдирилди:

 «б1) интеллектуал мулк объектларига (товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари, географик кўрсаткичлар ва саноат намуналари) (бундан буён матнда ИМО деб юритилади) бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш»;

12-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилди:

«маҳсулотда қўлланилган ИМОга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи тегишли объект рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги муҳофаза ҳужжати (гувоҳнома, патент ёки уларга илова) нусхаси ёки ундан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси нусхаси (амалда бор бўлган тақдирда)»;

14-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилди:

 «маҳсулотда қўлланилган ИМОга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи тегишли объект рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги муҳофаза ҳужжати (гувоҳнома, патент ёки уларга илова) нусхаси ёки ундан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси нусхаси (амалда бор бўлган тақдирда)»…

Қоидалар қуйидаги мазмундаги 171 ва ­172-бандлар билан тўлдирилди:

● 171. СО томонидан республикада ишлаб чиқариладиган ҳамда четдан келтириладиган маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида ИМОга бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш мазкур Қоидаларнинг 8-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Агар маҳсулотни сертификатлаш учун ариза берилганда маҳсулотда қўлланилган ИМОга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи тегишли объект рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги муҳофаза ҳужжати (гувоҳнома, патент ёки уларга илова) нусхаси ёки ундан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси нусхаси тақдим этилса, бундай маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида ИМОга бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш амалга оширилмайди.

● 172. СО томонидан маҳсулотда ИМОга бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш даврида қуйидагилар амалга оширилади:

а) маҳсулотни сертификатлаштириш учун аризани кўриб чиқиш, шу жумладан намуналарни идентификация қилиш, танлаб олиш ва лабораторияга етказиш жараёнида тегишли маҳсулотда ИМОга бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини ўрганиш ва текшириш СО томонидан икки иш кунида амалга оширилади. Бунда сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун танлаб олинган маҳсулот намуналарида (ёрлиқ ва қадоқларда) қўлланилган белги, ном ва бошқа реквизитлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Саноат мулки муҳофазаси портали»даги мавжуд маълумотлар билан солиштирилади;

б) ўрганиш ва текшириш даврида сертификатлаштириш синовларини ўтказиш учун танлаб олинган маҳсулот намуналарида (ёрлиқ ва қадоқларда) қўлланилган белги, ном ва бошқа реквизитларда қонунчилик ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган ИМОлар билан адаштириб юборадиган даражада бир хил ёки айнан ўхшаш бўлган белгилар аниқланса, СО томонидан аризачига асослантирилган рад жавоби берилади».

 

Саноатни ривожлантириш учун

Республика саноатини ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва қўшимча захираларни яратиш мақсадида Президентнинг «Айрим саноат тармоқларида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (21.11.2023 йилдаги ПФ-198-сон) 1-банди билан қуйидагилар белгиланди:

а) Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қандолатчилик корхоналарига экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади:

● экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларигача бўлганда – 1 млн АҚШ долларигача;

● экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларидан 4 млн АҚШ долларигача бўлганда – 2 млн АҚШ долларигача;

● экспорт ҳажми 4 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 3 млн АҚШ долларигача;

б) 2025 йил 1 январга қадар:

● кенг турдаги қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари (ТИФ ТН кодлари 3919 108 000 ва 3921 906 000) божхона божидан озод этилади;

● ип-калава ишлаб чиқарувчиларга Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан пахта ва сунъий толани ўз эҳтиёжи учун импорт қилишда (қўшни давлатлардан ташқари) транспорт харажатларининг 50%и қоплаб берилади.

Фармоннинг 3-банди билан Президентнинг ва Ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

2024 йил 31 декабрга қадар ип-калавани экспорт қилишда ундириладиган йиғимнинг амалдаги миқдори 5 бараварга камайтирилади;

2024 йил 31 декабрга қадар бўялган мато ва бўялган газламани реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларни ички бозорда сотиш улуши камида 50%ни ташкил қилган корхоналарга ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш ҳамда 3 йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилди;

2026 йил 1 октябрга қадар тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолияти учун зарур бўлган айрим товарлар импорт қилишда божхона божидан озод қилинди…

 

Туризм салоҳиятини ривожлантириш учун

Республиканинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, биринчи навбатда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, шунингдек мавжуд ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Президентнинг «Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (26.04.2023 йилдаги ПҚ-135-сон) 9-банди билан белгиланган тартибга мувофиқ, хусусан, 2023 йил 1 майдан:

2026 йил 1 майга қадар маҳаллий туроператорлар, туризм соҳасида жойлаштириш хизматларини кўрсатувчи ёки автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятида йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчи билан бирга ўн ва ўндан ортиқ ўриндиққа эга бўлган ҳамда ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган транспорт воситаларини (ТИФ ТН кодлари 8702 10, 8702 40, 8702 90) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 12 ой муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

«*****Агар декларацияловчи шахс томонидан мазкур банднинг «а»–«д» кичик бандларида назарда тутилган ҳужжатларни тўлиқ ёки қисман тақдим этиш имконияти бўлмаганда, божхона органи ўзининг ахборот тизимларига интеграция қилинган солиқ органлари ахборот тизимларида мавжуд бўлган электрон ҳисобварақ-фактурадаги айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг нархлари тўғрисидаги ахборотни декларацияловчи шахсга тақдим этади.

Бунда декларацияловчи шахс божхона органи томонидан тақдим этилган нархлар бўйича товарнинг божхона қийматини Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 апрелдаги 160-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-иловасига мувофиқ иқтисодий-математика усулларини қўллаган ҳолда ҳисоблаш ҳамда товарнинг божхона қийматини божхона органига тақдим этиш ҳуқуқига эга».

Прочитано: 101 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика