Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 10 / Электрон сервислар

Ваколат берилмаган шахснинг шахсий кабинетингизга киргани аниқланган тақдирда…

 

my.gov.uz, my.soliq.uz, my.mexnat.uz ва фойдаланувчиларни идентификация қилиш учун электрон рақамли имзо қўлланиладиган бошқа сайтлардаги шахсий кабинетларга фақат ваколат берилган шахслар кириш имкониятига эга бўлиши керак. Агар сиздан ташқари кимдир кириб, раҳбариятнинг рухсатисиз бирор иш қилганини сезган бўлсангиз, кейинчалик бундай номақбул хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш чораларини кўриш керак.

 

Хатти-ҳаракатлар қайси ЭРИ ёрдамида амалга оширилганини қандай аниқлаш мумкин

Фойдаланувчиларни идентификациялаш имкониятига эга бўлган барча сайтлар шахсий кабинетларга киришда ёхуд у ёки бу давлат хизматларини олишда фойдаланилган ЭРИ ҳақидаги маълумотларни ўзида сақлаб қолади. Ушбу маълумотни олиш учун қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиб, уни қандай олиш бўйича кўрсатма беришлари ҳақида сўранг.

Баъзи сайтларда ушбу маълумот фойдаланувчилар учун очиқ ва уни олиш учун сизга мутахассислар ёрдами керак бўлмайди.

 

ВАЗИЯТ. Фойдаланувчи солиқ тўлаш бўйича тўлов топшириқномаси солиқ тўловчининг my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетининг қайси ЭРИси ёрдамида юборилганига аниқлик киритмоқчи

my.soliq.uz сайти шахсий кабинетида қайси ЭРИ ёрдамида солиқ тўлови учун тўлов топшириқномаси юборилганлигини текшириш зарурати пайдо бўлди.

Керакли маълумотларни қандай олиш мумкин?

Қуйидаги кетма-кетликка амал қилинг:

1) my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетингизга киринг;

2) «Юридик шахслар солиғини тўлаш» интерфаол хизматини танланг;

3) «Топшириқномалар рўйхати» қўшимча саҳифасини очинг;

4) жадвалда сизни қизиқтирган топшириқномани топинг ва унинг қаршисида «Ҳаракат» устунида «Соат милига тескари» белгисини босинг;

5) қаршингизда ушбу солиқ топшириқномасини юбориш учун фойдаланилган ЭРИ ҳақидаги маълумотлар очилади;

6) ушбу маълумот билан сиз е-imzo.uz сайтидаги «ЭРИ реестри» интерфаол хизмати ёрдамида тўлиқроқ маълумот олишингиз мумкин.

 

ВАЗИЯТ. Фойдаланувчи my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчи шахсий кабинетига қайси ЭРИ ёрдамида кириш амалга оширилганига аниқлик киритмоқчи

Ташкилотдаги бир неча нафар ходим юридик шахс ЭРИсига эга. ­Муайян вақт оралиғида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ким кирганлигини тушуниш керак.

Бундай маълумотни қандай олиш мумкин?

my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг. Юқори чап бурчакда, интерфаол хизматлар рўйхати остида сиз ташкилот номини кўрасиз, унинг ёнида эса охирги кириш ва киришлар тарихи ҳақида маълумот жойлаштирилган. «Киришлар тарихи»ни босинг. Шахсий кабинетга барча киришлар ҳақидаги маълумот очилади. Ҳар бир ҳолатда ЭРИ сертификати рақами кўрсатилган. У бўйича сиз калит кимнинг номига берилганлигини аниқлашингиз мумкин. Бунинг учун e-imzo.uz сайтидаги «Сертификатлар реестри» хизматидан фойдаланинг.

 

ВАЗИЯТ. Фойдаланувчи солиқ ҳисоботи қайси ЭРИ ёрдамида юборилганига аниқлик киритмоқчи

Солиқ ҳисоботи қайси электрон рақамли имзо ёрдамида юборилганига аниқлик киритиш зарурати туғилди.

Ушбу маълумотни қандай олиш мумкин?

Қуйидаги кетма-кетликка амал қилинг:

1) my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг;

2) «Ҳисоботларни юбориш» интерфаол хизматини танланг;

3) «Журнал» қўшимча саҳифасини танланг;

4) қаршингизда охирги тақдим этилган ҳисоботлар билан жадвал очилади. Агар сизга ҳисоботлар тарихи керак бўлса, у ҳолда пастки жадвалга тушинг ва «Қабул қилинганлар»ни танланг. Ушбу жадвалларда «Сертификат» устуни мавжуд – унда солиқ ҳисоботини юборишда қўлланилган калитнинг сертификат рақами мавжуд;

5) ЭРИ сертификати кимнинг номига берилганлиги тўғрисида маълумот олиш учун e-imzo.uz сайтидаги «ЭРИ реестри» интерфаол хизматидан фойдаланинг.

 

ВАЗИЯТ. Фойдаланувчи ҳисобварақ-фактура қайси ЭРИ билан имзоланганини аниқламоқчи

Ташкилотда бир неча нафар ходим ҳисобварақ-фактураларни имзолаш ҳуқуқига эга, уларнинг ҳар бири ўз номига берилган юридик шахснинг ЭРИсига эга. Ҳисобварақ-фактура қайси ЭРИ ёрдамида имзоланганини аниқлаш керак.

Буни қандай қилиш мумкин?

Сизга у бўйича маълумот керак бўлган ҳисобварақ-фактурани очинг. Пастки қисмида, имзолаган томон реквизитлари остида, унинг ёрдамида ҳужжат тасдиқланган ЭРИ тўғрисидаги маълумотлар билан «тўртбурчак муҳр» мавжуд.

Бошқа сайтларда ҳужжат қайси ЭРИ билан имзоланганлигини ёки ресурс маъмурияти мутахассислари ёрдамисиз амалга ошириб бўлмайдиган ҳаракат қайси ЭРИ ёрдамида амалга оширилганлигини кўриш керак. Ушбу маълумот фойдаланувчилардан яширилган бўлади, аммо техник қўллаб-қувватлаш хизмати мутахассислари сизнинг сўровингиз бўйича уни қандай олиш мумкинлигини айтишлари мумкин.

 

ЭРИдан нафақат унинг эгаси, балки унга кириш ҳуқуқини қўлга киритган учинчи шахслар ҳам ноқонуний фойдаланиши мумкин.

 

ЭРИ сертификати эгасининг рухсатисиз имзоланган ҳужжатларни бекор қилиш, текширув ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш алоҳида масала бўлиб, буни ҳал қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга тўғри келади. Бу кўп вақт олади.

ЭРИ бошқа ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш воситасига айланмаслиги учун унинг эгаси бир қатор ҳаракатларни амалга ошириши керак.

 

Юридик шахснинг ЭРИсидан фойдаланган ҳолда келгусида рухсатсиз хатти-ҳаракатлар эҳтимолига қандай барҳам бериш мумкин

Бундай вазиятларда биринчи хаёлга келадиган нарса – паролни ўзгартириш. Бироқ, агар паролни ўзгартиришга қадар сертификат бошқа хотира қурилмаларига ва бошқа компьютерларнинг хотирасига кўчирилган бўлса, ушбу чорадан ҳеч қандай самара йўқ. Агар сиз унинг паролини кимгадир берган бўлсангиз, бундай шароитда ЭРИ ўта ҳимоясиз бўлиб қолади.

 

Паролни ўзгартириш файлда амалга оширилишини эътиборга олинг. Бу шуни англатадики, пароль фақат пароль ўзгартирилган пайтда сертификат турган хотира қурилмасида ўзгаради. Паролни ўзгартиришдан олдин ЭРИ кўчирилган қолган барча компьютерлар ва хотира қурилмаларида ЭРИ эски пароль билан муваффақиятли ишлайверади.

 

Паролни вақти-вақти билан ўзгартириш USB-токенга ёзилган ЭРИдан рухсатсиз фойдаланишга қарши яхши ҳимоя чорасидир, чунки ушбу ЭРИ нусхасини бошқа бирон бир жойга кўчириш ва ёзишнинг имкони йўқ.

ЭРИни «зарарсизлантириш» ҳамда уни барча компьютерлар ва хотира қурилмаларида ишламайдиган ҳолатга келтириш учун:

1) унинг ёрдамида ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширилган ЭРИни бекор қилинг;

2) зарурат туғилганда бекор қилинган ЭРИ ўрнига янгисини олинг.

Хизмат мажбуриятларини бажариш учун зарур бўлган юридик шахснинг ЭРИси ҳар бир ходим номига алоҳида олиниши керак. Шу билан бирга, ходимларга ЭРИ кимнинг номига берилган бўлса у билан фақат ўша киши ишлаши кераклигини тушунтиринг. Бундай тартиб:

● гумонланувчилар доирасини кескин қисқартиради;

● ушбу ЭРИни бекор қилиш оқибатларини ва унинг ўрнига янгисини олишни соддалаштиради.

 

Электрон рақамли имзо калитининг эгаси қуйидагиларни бажариши шарт (12.10.2022 йилдаги ЎРҚ-793-сон, 27-м.):

● электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг хавфсизлигини таъминлаш учун имкон қадар барча чораларни кўриш;

● электрон рақамли имзо калитидан бошқа шахслар фойдаланаётганлиги ёки унга кириш тартиби бузилганлиги аниқланган тақдирда, электрон рақамли имзо калити сертификатини берган рўйхатга олиш марказига дарҳол хабар бериш.

 

«Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонун раҳбар зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклайди (12.10.2022 йилдаги ­ЎРҚ-793-сон, 27-м.):

● юридик шахс қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда, бу ҳақда рўйхатга олиш марказига хабар бериш;

● у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда электрон рақамли имзо калитини белгиланган тартибда топшириш.

 

Ишдан бўшатилган ходим томонидан топширилган ЭРИ бекор қилиниши керак. Юридик шахснинг янги ЭРИси ўз хизмат мажбуриятларини бажариш учун зарур бўлган ходимларнинг номига олиниши керак.

 

Юридик шахснинг «хавфли» ЭРИсини қандай бекор қилиш керак

Буни шахсан ёки масофадан туриб қилишингиз мумкин.

Шахсан – ЭРИ калити сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан давлат хизматлари марказига мурожаат қилинг (Маъмурий регламент 22-б., 10.05.2018 йилдаги ­348-сон ВМҚга илова). Ўзингиз билан шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳарбий гувоҳнома, ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжат) бўлиши керак (Маъмурий регламент 24-б., 10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚга илова).

Агар ЭРИ ёпиқ калитининг эгаси юридик шахснинг вакили (ходим) бўлса, у ҳолда ЭРИ калити сертификатини бошқариш тўғрисида юридик шахсдан ЭРИ ёпиқ калити эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми ва эгаллаб турган лавозими кўрсатилган хат (ишончнома) зарур бўлади. Агар ариза берувчи ЭРИ ёпиқ калитининг эгаси бўлса, ЭРИ калити сертификатини бошқариш учун юридик шахсдан хат (ишончнома) талаб этилмайди (Маъмурий регламент 23-б., 10.05.2018 йилдаги ­348-сон ВМҚга илова).

Масофадан туриб – my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетингиз орқали ЭРИ сертификатини бекор қилиш тўғрисида хат юборинг. Бунда олувчи сифатида «Yangi texnologiyalar» ИАМни кўрсатинг.

ЭРИ бекор қилинганлиги тўғрисида SMS-хабар ЭРИни бекор қилиш анкетасида кўрсатилган телефон рақамига ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилган хат билан келади.

 

Юридик шахснинг «хавфли» ЭРИси ўрнига янгисини қандай олиш мумкин

ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш учун жисмоний ва юридик шахслар (кейинги ўринларда – ариза берувчилар) давлат хизматлари марказларига ёки e-imzo.uz расмий ахборот ресурсига мурожаат қиладилар (Маъмурий регламент 8-б., 10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚга илова).

 

e-imzo.uz сайти орқали ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш ва ЭРИ калити сертификатларини олиш учун фақат юридик шахс раҳбари мурожаат қилиши мумкин.

Юридик шахснинг қолган вакиллари ЭРИ калитлари ва уларнинг сертификатларини олиш учун бевосита давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишга ҳақли (Маъмурий регламент 8-б., 10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚга илова).

 

Юридик шахснинг ЭРИ калитини рўйхатдан ўтказиш ва олиш учун сиз қуйидагиларни бажаришингиз керак (Маъмурий регламент 9-б., 10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚга илова):

Давлат хизматлари марказидан олганда

 

е-imzo.uz орқали олинганда

 

● номларига ЭРИ олинаётган ходимларнинг Ф.И.Ш., уларнинг ЖШШИР ва телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда анкетани тўлдириш;

● юридик шахснинг ЭРИ бериш тўғрисидаги хатини (ишончномани) илова қилиш;

● юридик шахснинг ЭРИ берганлик учун йиғим тўлаш – ҳар бир ЭРИ учун БҲМнинг 10 фоизи;

● ЭРИ олиш учун масъул шахс томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этиш

● анкетани тўлдириш;

● анкетага раҳбар паспортининг нусхасини илова қилиш;

● раҳбарнинг уяли телефон рақамини кўрсатиш;

● юридик шахсга ЭРИ берганлик учун йиғим тўлаш – БҲМнинг 10 фоизи;

 

 

Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади (Маъмурий регламент 9-б., 10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚга илова).

Раҳбар номига ЭРИ олинаётганда унинг my.soliq.uz сайти шахсий кабинетида корхонанинг ҳисобга олиш маълумотларида унинг фамилияси, исми, ЖШШИР ва телефон рақами кўрсатилганлигини текширинг.

 

Замира УСМОНОВА, «Yangi texnologiyalar» ИАМ электрон рақамли имзо бўлими бош мутахассиси,

 

Олег ГАЕВОЙ, «Норма» эксперти.

Прочитано: 170 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика