Norma.uz

Пенсия ҳисобланишининг айрим жиҳатлари ҳақида

 

Яқинда пенсияга чиқаман. Қайси вақтдан БҲМнинг 12 бараваридан ҳисоб-китоб қилинишини ва қандай тўғри бўлишини, қандай суммалардан – умумий ҳисобланмаларданми ёки барча солиқлар тўлангандан кейинги суммалардан ҳисобланишини, шунингдек буни қайси ҳужжатдан кўриш мумкинлигини билмоқчи эдим. 

 

– Ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ўзингиз аниқлашингиз мураккаб бўлади. Сабаби пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақини пенсия тайинлаш кунидаги иш ҳақи даражасига келтириш учун якка тартибдаги коэффициентларни махсус тартибда қўллаган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Пенсияни ҳисоблаш қоидалари Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ, кейинги ўринларда – 592-сон ВМҚ) билан тартибга солинади.

592-сон ВМҚнинг 77-бандига мувофиқ иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан (солиқлар тўлангунига қадар) олинади. Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ 31-м. 1-қ., 592-сон ВМҚ 78-б.).

Пенсия тайинлаш учун тақдим этилган аризада ушбу банднинг биринчи хатбошиси талабларидан келиб чиққан ҳолда мурожаат қилувчи танлаган беш йиллик давр кўрсатилади.

Архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда иш стажи ва иш ҳақи миқдори қуйидагилардан келиб чиқиб аниқланади:

• 2005–2016 йиллар даври учун – жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

• 2016–2018 йиллар даври учун – фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

• 2019 йил учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – «ЯММТ» ИДАКда мавжуд маълумотлар асосида. Ушбу банднинг тўртинчи–олтинчи хатбошиларида кўрсатилган даврлар учун архив маълумотларидан фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда Пенсия жамғармаси бўлимининг сўрови ёки фуқаронинг мурожаати асосида архив маълумотномаларидан фойдаланилиши мумкин.

Муайян бир даврдаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаган ҳолларда бундай даврлардаги иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан, қонунчиликда тегишли даврлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари қабул қилинади. Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотлар, шунингдек, давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек, шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан, жамоа хўжаликлари аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ҳамда йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар):

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари тўланиши;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоблаш шарти билан, улар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади.

Ходимга ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича тақдирлаш пули ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади (592-сон ВМҚ 89-б.).

Моддий ёрдам, агар ундан суғурта бадаллари ёки даромад солиғи ушлаб қолинган бўлса, иш ҳақи таркибига киритилади.

Иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар учун (ишга кириш ёки ишдан бўшаш муносабати билан) иш ҳақи пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра иш ҳақи таркибига киритилади. Бунда иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.

Ташкилотнинг устав сармоясида (фондида) қатнашиш муносабати билан олинган даромадлар ва дивидендларни тақсимлаш тарзидаги тўловлар иш ҳақи таркибига киритилмайди (592-сон ВМҚ 90-б.).

Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади (592-сон ВМҚ 91-б.).

2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун қонунчиликда пенсия тайинланадиган санага белгиланган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн икки баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади (592-сон ВМҚ 94-б.).

Прочитано: 89 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика