Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 14 / Расмий ҳужжатлар

«Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Мамлакат иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш мақсадида:

1. Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан икки йиллик имтиёзли давр билан беш йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада жами 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида, шундан АТ «Халқ банки»га 35 миллион АҚШ доллари, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга 35 миллион АҚШ доллари ва «Микрокредитбанк» АТБга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ресурслари ажратилсин.

Белгилансинки, хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришга:

АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБга ажратилган маблағлар ҳисобидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида белгиланган тартиб ва механизмлар асосида;

«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-306-сон ва 2023 йил 15 ноябрдаги «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-366-сон қарорларида белгиланган тартиб ва механизмлар асосида кредитлар ажратилади.

2. Белгилаб қўйилсинки, Савдо-саноат палатаси, АТ «Халқ банки», «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБда қуйидагиларни назарда тутувчи хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш тизими яратилади:

ташаббускор хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш;

маҳаллаларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш;

хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотиш;

кооперация асосида лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш;

лойиҳалар амалга оширилишини кузатиб бориш ва аёл тадбиркорлар билан доимий мулоқот қилиш.

3. Бош вазир ўринбосари З.Махкамова Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2024–2025 йилларда тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) ишлаб чиқсин.

Белгилансинки, Дастурни шакллантиришда ва унга киритилган лойиҳаларга мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан кредит ажратишда устуворлик «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган хотин-қизлар томонидан амалга ошириш таклиф этилаётган лойиҳаларга берилади.

4. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича махсус комиссия (Т.Нарбаева):

бир ҳафта муддатда Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича махсус комиссия таркибини тасдиқласин;

мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган Дастурни тасдиқласин;

ҳар ой якуни билан Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича махсус комиссиянинг йиғилишида амалга оширилаётган ишлар самараси ва натижадорлигини муҳокама қилиб борсин.

5. Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ­А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 7 март

ПҚ-122-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.03.2024 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 66 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика