Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 14 / Расмий ҳужжатлар

«Ҳаётий давр шартномаси» асосида ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори


Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 июлдаги ПҚ-236-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 июлдаги ПФ-112-сон Фармонига мувофиқ Тошкент шаҳрида 2027 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби жорий этилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 июлдаги ПҚ-236-сон қарорига мувофиқ «Тошкент Инвест компанияси» АЖга айрим йўналишлар бўйича объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишларни давлат харидлари доирасида «ҳаётий давр шартномаси» асосида битта тадбиркорлик субъекти билан ҳамкорликда амалга оширишга рухсат этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Ҳаётий давр шартномаси» асосида ишлаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

«Ҳаётий давр шартномаси» асосида ишлаш йўналишлари ва тартиби;

«Ҳаётий давр шартномаси»ни тузиш;

«Ҳаётий давр шартномаси» реестрини юритиш, лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва ҳисоботини юритиш.

3. Белгилансинки, Тошкент шаҳрида қуйидаги ишлар 2027 йилнинг 1 январига кадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида «Ҳаётий давр шартномаси» асосида амалга оширилади:

автомобиль йўллари, шу жумладан, йўлбўйи инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш;

коммунал хўжалиги соҳасидаги объектларни (шу жумладан, газ, электр, иссиқлик ва сув таъминоти, сувни чиқариб ташлаш, оқава сувларни тозалаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш ва кўмиш объектлари) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш;

ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ва уларни сақлаш;

дастурий таъминотларни (ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, дастурий-аппарат комплекслари) лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва келгусида қўллаб-қувватлаш.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2026 йил 1 декабрга қадар ушбу қарорнинг 3-бандида назарда тутилган ҳуқуқий эксперимент натижаларини пухта таҳлил этган ҳолда, ҳуқуқий экспериментнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Б.Умурзаков зиммасига юклансин

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 6 март

116-сон.

ЎзР ВМнинг 2024 йил 6 мартдаги 116-сон қарорига
ИЛОВА 

«ҲАЁТИЙ ДАВР ШАРТНОМАСИ» АСОСИДА ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом «Ҳаётий давр шартномаси» асосида амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишлар бўйича объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишларни давлат харидлари доирасида «ҳаётий давр шартномаси» асосида битта тадбиркорлик субъекти билан ҳамкорликда амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

буюртмачи – лойиҳаларни «Ҳаётий давр шартномаси» асосида амалга оширишда махсус ваколат берилган юридик шахс – «Тошкент Инвест компанияси» АЖ (кейинги ўринларда – Компания);

буюртманома – манфаатдор давлат ташкилотининг лойиҳаларни «Ҳаётий давр шартномаси» асосида амалга ошириш ҳақидаги топшириғи;

ижрочи – «Ҳаётий давр шартномаси» доирасида харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб деб топилган ва ўзи билан шартнома тузилган иштирокчи;

келишув – лойиҳаларни «Ҳаётий давр шартномаси» асосида амалга оширишда Компания ва ташаббускор ўртасида тузилган ҳамда тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи ҳужжат;

ташаббускор – лойиҳаларни «Ҳаётий давр шартномаси» асосида амалга оширишга билвосита манфаатдор бўлган давлат ташкилоти;

«Ҳаётий давр шартномаси» – объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишларни битта тадбиркорлик субъекти билан ҳамкорликда амалга ошириш учун харид қилиш тартиб-таомиллари асосида тузилган ҳамда буюртмачи ва ижрочи ўртасидаги ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув (кейинги ўринларда – ҲДШ).

3. Лойиҳалар «Ҳаётий давр шартномаси» асосида ушбу низомга иловада** келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. «ҲАЁТИЙ ДАВР ШАРТНОМАСИ» АСОСИДА ИШЛАШ ЙЎНАЛИШЛАРИ

4. Қуйидаги йўналишларда объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишлар «ҲДШ»га асосан бажарилиши мумкин:

автомобиль йўллари, шу жумладан, йўлбўйи инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлаш;

коммунал хўжалиги соҳасидаги объектларни (шу жумладан, газ, электр, иссиқлик ва сув таъминоти, сувни чиқариб ташлаш, оқава сувларни тозалаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш ва кўмиш объектлари) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлаш;

ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ва уларни сақлаш;

дастурий таъминотларни (ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, дастурий-аппарат комплекслари) лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва келгусида қўллаб-қувватлаш.

 

3-БОБ. «ҲАЁТИЙ ДАВР ШАРТНОМАСИ» АСОСИДА ИШЛАШ ТАРТИБИ

5. Ташаббускор ҳар йилнинг 1 сентябрига қадар «ҲДШ» асосида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини тасдиқлаш чораларини кўради.

6. Ташаббускор ушбу Низомнинг 2-бобида назарда тутилган йўналишлар бўйича келгусида «ҲДШ» асосида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш бўйича буюртманома билан Компанияга мурожаат қилади.

7. Лойиҳаларни амалга ошириш учун буюртманомага Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

лойиҳанинг молиялаштириш манбаларини тасдиқлаш чоралари кўрилганлиги тўғрисида маълумотнома;

объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги товарлар ва ишларнинг рўйхати;

лойиҳани ёки унинг бир қисмини амалга ошириш бошқа дастурлар билан қамраб олинмаганлиги тўғрисида маълумотнома.

8. Келиб тушган буюртманома беш иш кунида Компания томонидан Ўзбекистон Республикасининг соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига мувофиқлиги, молиялаштириш манбаларининг аниқлиги ўрганилиб, натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

буюртманомани қабул қилиш тўғрисида;

буюртманомада аниқланган, лекин бартараф этиш мумкин бўлган камчиликларни бартараф қилиш муддатини аниқ кўрсатган ҳолда, ҳужжатларни ташаббускорга қайтариш тўғрисида;

буюртманомани қабул қилишни рад этиш тўғрисида.

9. Буюртманомада аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддати беш иш кунидан ортиқ бўлмаслиги лозим. Бу муддат ташаббускорнинг асослантирилган илтимосномасига мувофиқ Компаниянинг бошқарув раиси ёки у ваколат берган мансабдор шахс томонидан яна беш иш кунигача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

10. Буюртманома ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилмаган йўналишлар бўйича тақдим қилинганда ёки мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда, буюртманомани қабул қилиш рад этилади.

Буюртманомани бошқа сабабларга кўра рад этиш тақиқланади.

11. Буюртманомани кўриб чиқиш якуни бўйича қарор Компаниянинг бошқарув раиси ёки у ваколат берган мансабдор шахс томонидан қабул қилинади.

12. Компания томонидан буюртманомани маъқуллаш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг, ўн иш кунидан кечиктирмай ташаббускор билан лойиҳаларни «ҲДШ» асосида амалга оширишда ҳуқуқ ва мажбуриятларни Компанияга ўтказиш тўғрисида келишув тузилади.

13. Келишувда:

лойиҳани молиялаштириш учун ажратилган маблағларни фақат лойиҳа доирасида сарфлаш ваколатини Компанияга бериш ва бу борадаги Компаниянинг жавобгарлиги;

лойиҳани амалга оширишда тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

лойиҳани амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида ташаббускорга ахборот бериб туриш ва лойиҳа-смета ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш ҳамда аниқланган камчиликлар бўйича эътирозларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари;

лойиҳани амалга ошириш борасида бажарилган ишларни қабул қилишда Компания вакиллари билан бирга ташаббускор вакилларининг ҳам иштирокини таъминлаш тартиби ва вакилларнинг ваколатлари;

лойиҳани амалга оширишда тарафларнинг жавобгарлиги ва низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги қоидалар назарда тутилиши лозим.

14. «ҲДШ» асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, Келишув тузилгандан сўнг, лойиҳалар бўйича ижрочини танлаш, шартномаларни расмийлаштириш ва молиялаштириш ишлари Компания томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.

15. «ҲДШ» асосида лойиҳаларни амалга оширишда Компаниянинг мақоми ташаббускор билан тузилган Келишувга мувофиқ давлат буюртмачиларининг мақомига тенглаштирилади.

16. «ҲДШ» асосида лойиҳаларни молиялаштириш манбалари этиб – давлат бюджети параметрларида кўзда тутилган маблағлар, Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, қонунчилик ҳужжатларига асосан бюджет маблағларига тенглаштирилган бошқа манбалар белгиланади.

 

4-БОБ. «ҲАЁТИЙ ДАВР ШАРТНОМАСИ»НИ ТУЗИШ

17. Харид қилиш тартиб-таомиллари якунларига кўра таклифи энг мақбул деб топилган харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси бўлган ижрочи Компания билан ўн кун муддатда «ҲДШ» тузилади.

 18. «ҲДШ» «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибларга риоя қилган ҳолда тузилади ва шартномага қуйидаги қоидалар ҳам киритилиши лозим:

лойиҳани амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар тўғрисида буюртмачига ахборот бериб туриш ва лойиҳа-смета ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш ҳамда аниқланган камчиликлар бўйича эътирозларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари;

лойиҳани амалга ошириш бўйича бажарилган ишларни қабул қилишда Компания вакиллари билан бирга ташаббускор вакилларининг ҳам иштирокини таъминлаш тартиби ҳамда вакилларнинг ваколатлари;

лойиҳани амалга ошириш бўйича нархларни индексация қилиш тўғрисидаги қоидалар.

 

5-БОБ. «ҲАЁТИЙ ДАВР ШАРТНОМАСИ» РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ, ЛОЙИҲАЛАРНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ВА ҲИСОБОТИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

19. «ҲДШ» асосида лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш Компания томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ тартибга солинади.

20. «ҲДШ» асосида тузилган шартномалар тўғрисидаги ахборот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан махсус ахборот порталида юритиладиган Шартномаларнинг ягона реестрига киритилади, шунингдек, лойиҳаларни рўйхатга олиш, ҳисоботи юритиш тартиби шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.

 

6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

21. «ҲДШ»да назарда тутилган лойиҳаларни амалга оширишда тарафлар ўртасида келиб чиққан низолар музокаралар йўли билан ҳал этилади. Музокараларда келишувга эришилмаган ҳолларда низолар суд тартибида ҳал қилинади.

22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.03.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Низомга илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

Прочитано: 86 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика