Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 15 / Биз яшайдиган уй

Умумий йиғилишда қандай овоз берилади?

 

Уй-жой қонунчилигида шундай дейилади: умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг ярмидан кўпининг розилиги талаб этилади. Бироқ биз бир қатор ҳолатларда 80 ва ҳатто 100% овоз берилиши керак деб эшитдик. Агар шу тўғри бўлса, қандай ҳолатлар назарда тутилган?  

 

Умумий ёндашув: 50 + 1

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда (кейинги ўринларда – Қонун) билан белгиланишича, умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб жойлар мулкдорларининг ёки уларнинг умумий йиғилишда ҳозир бўлган вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади (Қонун 21-м.).

 

Қандай қарорлар учун жой мулкдорларининг 80%дан кўпроғи овоз бериши керак?

Бундай ҳолатлар Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) билан белгиланган. Ҳужжатнинг 7-бандида белгиланган тартибга мувофиқ қуйидаги масалалар бўйича умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80%идан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади:

• кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш;

• мулкдорлар амал қилиши мажбурий бўлган кўп квартирали уй-жойларда умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш.

Шунингдек ҳужжатда кўп квартирали уйлар учун қарзлар ва кредитларни жалб қилишда мулкдорларнинг 80 фоизининг розилиги назарда тутилган. Бироқ Президентнинг 23.08.2023 йилдаги ПҚ-278-сон қарори билан ушбу талаб бекор қилинган.

 

Қачон 100% овоз берилиши талаб этилади?

Умумий мол-мулкнинг айрим қисмларини бошқа шахсга беришда жой мулкдорларининг 100 фоизлик розилиги талаб этилади. Улар умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида бошқа шахсга берилиши мумкин (Қонун 13-м.).

Жой мулкдорлари истисно ҳолатлар мавжудлигидан хабардор бўлишлари лозим. Умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Таянч ва тўсиқ конструкцияларни, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ҳамда қурилмалари ва бошқа ускуна ҳамда қурилмаларни бошқа шахсга бериш тақиқланади (Қонун 13-м.).

 

Прочитано: 57 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика