Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 15 / Биз яшайдиган уй

Проактив форматдаги текширув: Фармон бор норма ишламаяпти

 

2023 йил 1 июлдан бошлаб электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари проактив шаклда кўрсатилади. Яъни фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан амалга оширилади. Бу Президентнинг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармонида (28.02.2023 йилдаги ПФ-27-сон) белгиланган. Бироқ ушбу норма ишламаяпти.

 

Хизматларни проактив тарзда кўрсатиш нима дегани?

Бу мижозларни қўллаб-қувватлаш шакли бўлиб, бунда компания истеъмолчининг мурожаатини кутмасдан унга ёрдам кўрсатиш учун биринчи қадамни қўяди.

Яъни зарурат бўлганда мижозга унинг ижрочига мурожаат қилишини кутмасдан, автоматик тарзда хизматлар кўрсатилади. Албатта, истеъмолчи учун бу қулай бўлади: вақт ва маблағлар тежалади. Шунда у ҳеч қаерга мурожаат қилмайди, идорама-идора югурмайди, навбат кутишдан ва ҳужжатларни тўплашдан қутулади, ариза бериши шарт бўлмайди – буларнинг барчаси ижрочининг зиммасида бўлади.

Кўпинча истеъмолчилар ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш муддати келганлигини унутиб қўядилар, проактив тизимда давлат хизматлари автоматик тарзда кўрсатилиши, бунинг учун жавобгарлик коммунал ресурслар етказиб берувчисига ва метрология хизматига юкланиши лозим. Етказиб берувчи фақат хизматлар кўрсатилишига розилигини тасдиқлаши ва тайёр аризани имзолаши керак.

Бундай форматдаги текширув фуқарони жалб этмасдан, ҳисоблагичларни ечиш, ўрнатиш, пломбалашда аниқ ҳаракатларни амалга ошириш, маълумотларни бир-бирига юборадиган идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосида йўлга қўйилиши лозим. Бунда белгиланган механизмни тузганлик учун жавобгарлик ҳам бўлиши керак.

Умуман олганда, республикада бундай форматни жорий қилиш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмоқда. Давлат хизматларини кўрсатиш тизими такомиллаштирилмоқда. Истеъмолчи ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ўзи етказиб берувчи ва метрологларнинг олдига бориб юрмайди. Ягона давлат хизматлари кўрсатиш маркази орқали ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза беришининг ўзи етарли бўлади.

 

Истеъмолчи билан коммуникация жараёнини оптималлаштириш

Бироқ проактив шакл бизда тўлиқ ишламаяпти. Хусусан, совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказишда истеъмолчининг ўзи бу ҳақда маълум қилмоқда. У текширувлар орасидаги интервал муддатини ўтказиб юбормаслик учун кузатиб туриши керак, акс ҳолда муаммолар юзага келиши мумкин. Қонунчиликка мувофиқ етказиб берувчи истеъмолчини бу ҳақда 30 кун олдин ёзма равишда огоҳлантириши лозим, бироқ ҳар доим ҳам бундай қилинмайди. Натижада унга муддатларни бузганлиги учун асосланмаган ҳисобланмалар амалга оширилади. У етказиб берувчи қонунни бузганлигини, олдиндан огоҳлантирмаганлигини исботлашни бошлайди, турли инстанцияларга шикоят қилади.

Проактив формат низоларнинг олдини олишга имкон беради. Бунинг учун нафақат ҳуқуқий шартлар мавжуд бўлиши керак. Ижрочилар истеъмолчининг муаммосини ҳал этиш – бу истеъмолчи билан коммуникация жараёнини оптималлаштиришдан иборатлигини тушуниб етишлари керак. Етказиб берувчи ҳам ҳисоблагич тўғри ишлаши ва ўз вақтида қиёслашдан ўтказилиши тарафдоридир. Акс ҳолда бу унинг учун коммунал маҳсулотнинг йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Проактив шаклда электр энергияси ва газни ҳисобга олиш ускуналари қиёслашдан ўтказилишига умид қилиб қоламиз. Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 22-сон қарорининг 2-бандида белгиланишича, маиший истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳисоблагичларнинг даврий давлат қиёсловидан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил қилиш бўйича жавобгарлик ҳам ушбу ташкилотларга юклатилади.

Прочитано: 64 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика